Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

Афғонистондаги НАТО базасида ҳарбийлар ўлдирилди


НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот котиби генерал Гунтер Катс.
НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот котиби генерал Гунтер Катс.

Афғонистон жанубида жойлашган НАТО базасининг афғонистонлик ишчиси уч нафар АҚШ аскарини отиб ўлдирди. Бу билан шу ҳафтада уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган АҚШ ҳарбийлари сони етти кишига етди.

НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари АҚШ аскарларига ҳужум Ҳелманд вилоятининг Гармшер туманида жума куни кечқурун амалга оширилганини билдирди.

Америка аскарларини отган афғонистонлик ҳарбий формада бўлмаган.

У базага қандай қилиб қурол олиб киргани ҳозирча маълум эмас.

Халқаро кучлар мазкур воқеа тафсилоти ҳақида бошқа маълумот тарқатмади.

10 август куни Афғонистон полицияси қўмондони ва унинг қўл остидагилар хавфсизлик масаласини муҳокама қилиш учун Рамазон ойи саҳарлигига таклиф қилинган АҚШ махсус кучларининг уч аскарни отиб ўлдирган эди.

Мазкур ҳужум ҳам Ҳелманд вилоятида амалга оширилган.

7 август куни Афғонистон шарқида афғон армияси формасидаги икки шахс америкалик бир аскарни отиб ўлдирган эди.

Шанба куни пойтахт Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот котиби генерал Гунтер Катс бу кам учрайдига воқеа экани ва у Афғонистондаги умумий вазиятни акс эттирмаслигини айтди.

- Шуни аниқ қилиб айтмоқчиманки, бу воқеалар Афғонистондаги умумий вазиятни акс эттирмайди. Афғонистонда қарийб 500 минг нафар аскар ва полиция ходими шу мамлакатнинг яхшироқ келажаги учун, исёнчиларга босимни кучайтириш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида елкама-елка туриб ишламоқда, деди НАТО кучлари матбуот котиби Гунтер Катс.

Шунга қарамай, Афғонистон полицияси ва аскарлари ўз қуролларини ғарблик ҳамкасбларига қаратаётгани ҳоллари кўпайиб бормоқда.

НАТО маълумотига кўра, жорий йил январ ойидан бери Афғонистонда 26та шу каби ҳужум уюштирилгани оқибатида 34 киши ўлган.

Ўтган йил афғон полицияси ва аскарлари ғарблик ҳамкасбларига қарши уюштирган 21та ҳужумда 35 киши ўлган эди.

Толиблар айрим ҳужумларни афғон хавфсизлик кучлари сафига қўшилиб олган толиблар амалга оширганини иддао қилган.

Бироқ Халқаро коалиция кучлари бундай ҳужумлар ўта асабийлик, ўзаро келишмовчилик ва маданий тафовут сабабли рўй бераётганини айтмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, НАТО ҳарбийлари хавфсизликни таъминлаш вазифасини 2014 йил охиригача Афғонистон кучларига топширишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда бундай воқеалар ўзаро ишончига путур етказмоқда.

Ҳозир Афғонистонда Ғарб давлатларининг қарийб 130 минг ҳарбийси бор. 2014 йил охиригача уларни Афғонистондан олиб чиқиш режаланган.
XS
SM
MD
LG