Линклар

Эрон шимолида содир бўлган кучли ер силкиниши қурбонлари сони, сўнгги маълумотларга кўра, 220 кишига етди. Зилзила чоғида яна 1500 нафардан зиёд киши тан жароҳати олгани айтилмоқда.

Шанба куни Эроннинг Табриз шаҳрида олти баллдан ошган икки зилзила содир бўлди.

Табиий офат натижасида Табриз яқинидаги камида тўрт қишлоқ тўла вайрон бўлган. Табризнинг ўзида эса кўплаб биноларга шикаст етган, электр ва сув таъминотида муаммолар пайдо бўлган.

Зилзила қўшни Арманистон ва Озарбайжон ҳудудида ҳам сезилган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу мамлакатларда қурбонлар бўлмаган.

Эрон зилзилалар кўп содир бўладиган ҳудудда жойлашган. Бу мамлакатда энг талафотли зилзила 2003 йилда кузатилганди. Ўшанда Бам шаҳри ва унинг атрофларида 25 мингга яқин одам нобуд бўлганди.
XS
SM
MD
LG