Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:41

Эронда 227 киши зилзила қурбони бўлди


Табриздан 60 км нарида жойлашган Варзақан шаҳарчаси, 2012 йил 11 август.
Табриздан 60 км нарида жойлашган Варзақан шаҳарчаси, 2012 йил 11 август.

Эрон шимолий-ғарбида содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида, сўнгги расмий маълумотларга кўра, 227 киши ўлган, 1380 одам жароҳат олган. Ундан олдин Ички ишлар вазирлиги табиий офат оқибатида 250 киши ўлгани, икки мингдан ортиқ одам жароҳат олганини билдирган эди.


Эрон Ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжар 12 август куни журналистларга қидириш ва қутқариш ишлари тўхтагани ва ҳозир эътибор аҳолига сув ва озиқ-овқат етказиб беришга қаратилганини айтди. Вазир қутқариш ишларида иштирок этган гуруҳларни мақтади.

- Ҳақиқат шундан иборатки, улар қўққисдан рўй берган табиий офатга ўз ресурслари билан жуда яхши, тезкор жавоб қайтарди. Улар олий даражада жуда қаттиқ ишлашди. Мен президентнинг бўҳрон пайтидаги вакили сифатида уларга шахсан миннатдорлик билдираман, деди Эрон Ички ишлар вазири.

Мустафо Муҳаммад Нажжар табиий офат минтақадаги 600дан ортиқ қишлоқнинг ярмига зарар етказгани ва 16 минг кишига фавқулодда бошпана зарурлигини маълум қилди.

Эрон телевидениеси қутқарувчи гуруҳлардан бирининг вакили билан суҳбат ўтказди.

- Жароҳат олган бир мингдан ортиқ одам касалхоналарга жўнатилди. Махсус радар қурилмаларига эга бўлган 11та қидирув-қутқарув гуруҳи минтақага жойлаштирилди. Зарурий ёрдам юклари ортилган тўрт юзга яқин машина жўнатилди. Минтақага бир мингдан ортиқ кўрпа ва озиқ-овқат махсулотлари етказиб берилди, деди қутқарувчи гуруҳ вакили Эрон телевидениесига берган интервюсида.

Зилзила рўй берганидан сўнг Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле эронлик ҳамкасбига таъзия изҳор қилинган ва ёрдам таклиф қилинган мактуб жўнатди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодга ёрдам таклиф қилинган телеграмма йўллади.

Шанба куни Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган Табризда 11 дақиқа ичида Рихтер ўлчови бўйича 6,4 ва 6,3 магнитудали иккита кучли ер силкиниши ва ўнлаб майда тебранишлар рўй берди.

Табиий офат натижасида Табриз шаҳрида кўплаб биноларга шикаст етди, электр ва сув таъминотида муаммолар пайдо бўлган.

Маълумотларга кўра, Табризда ҳам телефон алоқаси узилган.



Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод барча ҳокимият вакилларини жабрланган одамларга ёрдам кўрсатиш учун бор имкониятни ишга солишга чақирди.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти жароҳат олган одамларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун табиий офат рўй берган минтақаларда сайёр касалхоналар ташкил этишини билдирди.

Шанба кунги зилзила қўшни Арманистон ва Озарбайжон ҳудудида ҳам сезилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Эронга қўшни давлатларда қурбонлар бўлмаган.

Эрон зилзилалар тез-тез содир бўладиган сейсмик фаол минтақада жойлашган.

2003 йилда Эронда содир бўлган кучли зилзила оқибатида Бам шаҳри ва унинг атрофида жойлашган аҳоли пунктларида қарийб 25 минг одам нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG