Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:07

82 ёшли Сорос яна уйланмоқчи


Америкалик таниқли миллиардер Жорж Сорос.
Америкалик таниқли миллиардер Жорж Сорос.

Америкалик таниқли филантроп ва миллиардер Жорж Сорос якшанбага ўтар кечаси ўтказилган таваллуд куни маросимида ўзининг яна бир бор унаштирилганини эълон қилди.

Бу ҳақда Рейтерс агентлиги хабар қилади.

Келин бўлмишнинг 40 ёшли Тамико Болтон экани айтилмоқда.

Сорос учун бу учинчи, Болтон учун эса иккинчи никоҳ бўлади.

Унаштириш ҳақида Сороснинг Ню-Йорк штати Саутгемптон шаҳридаги ёзги қароргоҳида миллиардернинг қариндошлари ва дўстларидан иборат тор даврада эълон қилинди. Айни пайтда никоҳ қайси кунга белгилангани маълум эмас.

Сорос ва Болтон 2008 йил баҳорида танишганлар.

Жорж Сороснинг бўлажак рафиқаси ҳозирда йога бўйича интернет курслари таклиф қилувчи ширкатга раҳбарлик қилади.

Аввалги никоҳларидан Жорж Сороснинг беш нафар фарзанди бор.

Асил исми Дьердь Шорош бўлган миллиардер 1930 йилнинг 12 августида Будапешт шаҳрида маҳаллий яҳудий жамоаси лидери Тивард Шварц оиласида дунёга келган. 1936 йили Шварц оиласи ўз фамилиясини Шорошга ўзгартирган. Айрим биографлар шу тариқа бу яҳудий оиласи нацистлар таъқибидан қутулиб қолишни истаган, дея тахмин қилади.

1947 йилда Шорошлар сохта паспортлар Буюк Британияга кўчишга муваффақ бўладилар. У ерда 17 ёшли Жорж (Дьердь исмини у шу ерда инглизча Жоржга айлантириб олган) Лондон иқтисодиёт мактабига ўқишга кириб, уч йилдан кейин уни муваффақият билан тамомлайди.

Жоржнинг ишлари 1956 йилда лондонлик оғайниларидан бирининг отаси уни Уолл-стритдаги брокерлик идорасига чақирганидан кейин юришиб кетади. У ерда ёш молиячи бир мамлакат қимматбаҳо қоғозларини устига ўз фоизини қўйиб иккинчи мамлакатга сотиш билан шуғулланади.

1967 йилда Сорос ўз хўжайинига оффшор ҳудудлардан бирида сармоя фонди яратиш бўйича янги лойиҳа таклиф қилади. Яна икки йилдан кейин эса у Double Eagle фонди раҳбари ва эгаларидан бирига айланади. Мазкур жамғарма кейинчалик Соросга пул ва шуҳрат келтирган машҳур Quantum Groupга айланган.

Қимматбаҳо қоғоз чайқовчилиги билан шуғулланган Quantum Group капитали 1990 йил ўртасига келиб 10 миллиард долларни ташкил қиларди.

1992 йилнинг 16 сентябр куни инглиз фунтининг немис маркасига нисбатан қийматининг кескин тушиб кетиши натижасида Сором бир кунда миллиард доллардан кўпроқ пул ишлаб олган. Шундан сўнг Соросни “Англия банкини синдирган одам” деб атай бошлаганлар.

Жорж Сорос хайриячилик фаолиятини ҳам анча олдин – 1979 йилда бошлаган. Ўшанда у АҚШда ўзининг биринчи хайрия жамғармаси – “Очиқ жамият”ни ташкил қилди. Айни пайтда Сорос бу каби нотижорат лойиҳаларига йилиги 300 миллион доллар атрофида пул сарфлайди.

Ҳозирги кунда дунёнинг 25 мамлакатида Сороснинг хайрия жамғармалари фаолият юритади. Америкалик миллиардерга қарашли Очиқ Жамият Институти Кўмак Жамғармаси 1996 йилда Ўзбекистонда ҳам очилган ва саккиз йил мобайнида муваффақият билан фаолият юритган.

2004 йил бошида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фаолият олиб борувчи кўплаб халқаро ташкилотлар қатори Очиқ Жамият Институти Кўмак Жамғармасига ҳам Республика Адлия Вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтиш ва бунинг учун зарур бўлган барча ҳужжатларни шу йил 1 март кунига қадар вазирликка тақдим этиш талабини қўйган.

Ўзбекистон Очиқ жамият институти ходимлари ва унга ҳамкор грант олувчи ташкилотлар Институт қайта рўйхатга олинади деган умидда, талаб этилган барча ҳужжатларни 27 феврал куни Республика Адлия вазирлигига топширганлар, бироқ Очиқ Жамият Институти Адлия Вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтишга рад жавоби олган.

Ташкилот вакиллари ўшанда бунинг ортида сиёсий сабаблар борлигини айтгандилар.
XS
SM
MD
LG