Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:14

Татаристонда "мужоҳидлар" қидирилмоқда


Татаристон муфтийси Илдус Файзовнинг портлатилган хизмат машинаси, Қозон, 2012 йил 19 июл.
Татаристон муфтийси Илдус Файзовнинг портлатилган хизмат машинаси, Қозон, 2012 йил 19 июл.

Татаристон Республикаси Тергов қўмитаси Интернетда пайдо бўлган ва ўзини 19 июл кунги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган “мужоҳидлар” видеоролигини текширмоқда. Террорчиликни содир этганликда гумонланаётган гуруҳ аъзоси сифатида Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳибсга олинган.

Youtube Интернет порталида пайдо бўлган видеоёзувлардан бирида камуфляж кийимида ва автомат кўтариб турган шахс шу йилнинг 19 июл куни Татаристон Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Илдус Файзов ва унинг ўринбосари Валиулла Якуповга қилинган ҳужум унинг буйруғи асосида амалга ошганини айтади.

- Мен Муҳаммад, Татаристон мужоҳидлар амири, қуйидагини маълум қилмоқчиман: менинг буйруғим билан Ислом душманлари бўлмиш Файзов ва Якуповга қарши операция амалга оширилди. Мен амалиёт яхши ўтказилганини таъкидламоқчиман. Иншаоллоҳ, Оллоҳ душманларига қарши бундай амалиётлар давом этади,- дея юзини яширмасдан автоматга суяниб баёнот берди бу шахс.

Ролик давомида ўзини “мужоҳидлар амири Муҳаммад”деб атаётган шахс шаҳодат калимаси битилган қора байроқ фонида барча Татаристон имомларига қарата қуйидаги шартларни қўяди.

- Шариат асосларига қайтилсин ва анъанавий ислом тарғиботи бас қилинсин! Кофирларга жаноза, никоҳ ўқилиши тўхтатилсин ва уларнинг соғлигини тилаб дуо қилишга чек қўйилсин. Уларнинг қонун-қойидалари бўйича яшаш ташвиқоти тўхтатилиб, сайловлар бекор қилинсин. Масжидлар эшиклари мусофирлар учун доимо очиқ бўлсин. Шариатда кўрсатилган бу талабларни бажара олмайдиган ёки бажаришни истамайдиган имомлар ўз ўринларини тарк этсинлар. Шу ҳолатдагина сизлар мужоҳидлардан ҳимояланасиз! дейди ўзини Татаристон мужоҳидларидан бири деб таништирган шахс.

Татаристон бош муфтийси Файзов яраланиши ва унинг ўқув масалалари бўйича ўринбосари Якуповнинг ўлдириб кетилиши ортидан пайдо бўлган яна бир видеороликда қора байроқ фонида қурол кўтариб турган ниқоб кийган етти нафар шахсдан биттаси юзини яширмасдан баёнот бераётгани тасвирланган.

“Ўзларини Татаристон мужоҳидлари ва 2007 йилда чечен жанггариси Доку Умаровга қасамёд келтирганини, Умаровнинг буйруқларини бажаришни давом этишини иддао қилаётган шахслардан бири аниқланди”, дейди Озодликка Татаристон Республикаси Тергов қўмитаси раҳбари муовини Андрей Шептицкий.

- Мазкур ролик жиноий иш материалларига илова қилинди ва унга экспертиза тайинланди. Ҳозирча бирор натижа йўқ. Жами иккита бундай баёнот эълон қилинди: биринчиси 19 июл куни, иккинчиси – икки ҳафта ўтгач Интернетга қўйилди. Тахминларимизга кўра, иккинчи роликда тасвирланган шахс 36 ёшли Раис Мингалеев, дея маълум қилди Тергов қўмитаси расмийси Андрей Шептицкий.

Айни пайтда, Татаристон Республикаси бўйича Тергов қўмитаси расмий сайтида республика ҳудудида қотиллик, террорчилик актлар ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланаётган 1976 йилда туғилган Роберт Валеев ва Раис Мингалеевлар қидирувга берилгани эълон қилинди.

Пайдо бўлиши биланоқ қизғин баҳсларни келтириб чиқарган бу видеороликлар, кўплаб Интернет фойдаланувчилари томонидан “саҳналаштирилган қўғирчоқ ўйин”, “провокация” деб аталмоқда: кимдир бу роликларда ҳақиқатан “ваҳҳобийлар” тасвирланганини тахмин қилса, айримлар видеобаёнот “режиссёрлари” ва “актёрлари” Россия хавфсизлик идораси ходимлари эканини айтмоқда.

Ўзини “Расим Сатаев” деб таништирган фойдаланувчи “Улар ҳатто “Ассалом” ва “Бисмиллоҳ”ни муслимлардек талаффуз этмаяпти. Айниқса Рамазон оийда ҳақиқий мусулмонлар бундай ҳаракатларга қўл урмайди, чунки бунинг ортидан оддий мусулмонларнинг ҳибсга олиниши ва тинтувлар бошланишини англаш қийин эмас!”, дея фикр билдиради.

Татаристон муфтийси Илдус Файзов ва унинг ўринбосари Валиулла Якуповга 19 июл куни уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган беш кишининг бири ўзбекистонлик Абдунозим Отабоев экани хабар қилган эдик. Тергов ҳужжатларига кўра, Абдунозим Отабоев портлаш рўй бергунига қадар муфтийнинг машинаси ортидан юрган, портлашдан сўнг воқеа жойидан ғойиб бўлган.

21 июл куни Қозон шаҳрининг Вахитов туман суди ўзини бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлигини айтаётган Абдунозим Отабоевни 20 сентябргача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.
XS
SM
MD
LG