Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:31

Лондон 2012: Наша, олтин ва бойни “қайчилаш”


Лондон олимпиадаси ўзбек спортчилари учун наша ва допинг муаммолари билан бошланиб, олтин медал билан якун топди.

Орзиқиб кутилган олтин!

Ўзбекистонликлар олтин медални 16 кун кутишди. 16 кун давомида ҳар бир спортчи чиқишидан сўнг пир бўлган ҳафсалалар асабларни ҳам эговлагани сир эмас.

Ниҳоят курашчи Артур Таймазов орзиқиб кутилган олтин медалга эришди.

Спорт ишқибозлари ижтимоий тармоқларда олимпиадани муҳокама қилганида, Артурнинг ёши ўтиб қолгани боис унинг биринчиликни қўлга кирита олишига шубҳа билдирилган ҳолатлар ҳам бўлди.

Лекин 33 ёшли Артур нафақат олтин медал соҳиби бўлди, тарихда кетма-кетига учинчи Олимпия олтинини қўлга киритган учинчи курашчи бўлди.

Артур Таймазов (чапда) олимпиада мусобақалари пайти.
Артур Таймазов (чапда) олимпиада мусобақалари пайти.
Шу пайтгача бундай ютуққа совет курашчиси Александр Медвед ва россиялик Александр Карелинлар эриша олган холос.

Спорт ТВ Салимбойни “қайчилади”


11 август куни Ўзбекистоннинг Спорт телеканали Артур Таймазовнинг гуржи Давит Модзманашвили билан курашини эфирга узатиб, спорт ишқибозлари кўнглини ҳушнуд этди. Лекин телеканал бир жойида “қовун туширди”.

Ўзбекистон спорт кураши уюшмаси раиси Салимбой Абдувалиев Артур Таймазов ғалабага эришгач, майдонга чиқиб спортчини бағрига босди, тўғрироғи ўзини унинг қучоғига отди. Артур ҳам Салим Абдувалиевни даст кўтариб, миннатдорчилигини намойиш қилди. Лекин Артур билан Салимбойнинг хурсандчилик саҳнаси Спорт ТВ томонидан кесиб ташланди.

Артур Таймазов ва Салим Абдувалиев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00
(Видео mytube.com сайтидан олинди.)

Телережиссёрларнинг бу кадрларни эпчиллик билан “қайчилаши”га миллионлаб телетомашабин гувоҳ бўлди.

Учта бронза ёки кўз теккан спортчилар

Дзюдочи Ришод Собиров олимпиада мусобақаларининг илк кунида қўлга киритган бронза медал 15 кун давомида Ўзбекистон учун ягона медал бўлиб қолди.

Бухоролик 25 ёшли Ришод Собиров Озодлик билан суҳбатда олтин медал умидида сўнгги тўрт йил давомида тайёргарлик кўрганини айтади.

Катта тайёргарлик боис Лондон олимпиадасида олтин медал олишига қаттиқ ишонган Ришод омад ундан юз ўгирди деб ҳисоблайди.

Бронза медал соҳиби Ришод Собиров (ўнгдан биринчи)
Бронза медал соҳиби Ришод Собиров (ўнгдан биринчи)
- Мен Лондон олимпиадасига 2008 йилдан бери тайëрланганман. Тўғрисини айтсам, тайëр эдим олтин медал олишга. Билмадим мендан омад юз ўгирдими нима бўлди, бронза медалини қўлга киритдим. Тайëргарлигимиз жуда зўр эди. Устозларимиз Андрей Анатолевич билан биргаликда жуда яхши тайëрланган эдик. Омад келмади озгина,- дейди Ришод Собиров.

Олимпиаданинг 15-куни бронза медаллар сони учтага етди. Боксчи Аббос Атоев ва курашчи Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритди.

Спорт ишқибозлари Аббос Атоевдан олтин медал кутишгани аниқ. Буни Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги муҳокамалардан пайқаш мумкин.

Лекин Ришод Собиров таъбири билан айтганда спортчиларга “кўз тегди” шекилли Аббос ҳам бронза медал билан чекланди.

- Бошқа спорт турларини билмадиму, лекин мен дзюдони айтадиган бўлсам, дзюдочиларимиздан анча медал кутишган эди. Дзюдочиларимизга кўз тегдими нима бўлди билмадим,- дейди Ришод Собиров.

Гимнастикачи қиз ва допинг мажораси


25 июн куни Халқаро Олимпия Қўмитаси эълон қилган хабар нафақат спорт ишқибозларини балки бутун ўзбекистонликларни ҳайратга солди.

Луиза Галиулина Лондон аэропортида.
Луиза Галиулина Лондон аэропортида.
Қўмита ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи Луиза Галиулинанинг организмида тақиқланган (диуретик препаратга алоқадор) фуросемид моддаси топилгани ҳақида хабар қилди.

20 ёшли қизнинг тақдири иккинчи тест натижаларигача олти кун давомида мавҳум қолди.

1 август куни Халқаро Олимпия Қўмитаси Интизом комиссиясининг иккинчи допинг тест натижаси бўйича якуний қарори ҳам Луиза Галиулинанинг фойдасига бўлмаганини маълум қилди.

Ўша куни гимнастикачи қиз Лондондаги Олимпия қишлоғидан ҳайдалди ва Луизанинг Лондон аэропортида кетаётган сурати Интернет сайтларини “безади”

“Наша чеккан” Тангриев

Ўзбекистонлик машҳур дзюдочи Абдулла Тангриев қонида наша излари топилгани ҳақида июн ойи ўрталарида пайдо бўлган хабар ўзбек спорти учун кутилмаган
зарба бўлди.

Олимпиадада олтин медалга асосий даъвогарлардан бири бўлган Тангриев қонида канабис излари аниқлангани сабаб олимпиада ўйинларида иштирок этмаслиги маълум қилинди.

Мухлисларининг умидини оқламагани учун узр сўраган Тангриев нафақат олимпиада балки икки йилга барча халқаро мусобақалардан четлатилди.

Олимпиада якунлари

Лондон олимпиадасида АҚШ медаллар сони бўйича биринчиликни эгаллади. Америкалик спортчилар жами 104 медал, жумладан, 46 та олтин медални қўлга киритди.

Олимпиаданинг бошидан биринчиликни бермай келган хитойлик спортчилар 87 медал, жумладан, 38 олтин медал билан иккинчи ўриндан жой олди.

Олимпиада мезбони Буюк Британия спортчилари жами 65 медал, жумладан, 29 олтин медал билан турнир жадвалининг учинчи поғонасини эгаллади.

Собиқ совет давлатларидан Россия (4-ўрин) биринчи ўнталикдан жой олди: 24 та олтин, жами 82 медал.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон спортчилари ўз муваффақиятлари билан қўшниларини анча ортда қолдирди. Қозоқ спортчилари 7 та олтин медал, жами 13 медал билан жадвалнинг 12-ўринидан жой олди.

Ўзбекистон жамоаси Лондон олимпиадасида битта олтин, учта бронза медал билан 47-ўринни эгаллади.

Ўзбек спортчиларининг бу йилги натижаси аввалги олимпиадага нисбатан анча паст бўлди.

Ўзбекистон жамоаси 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медаллари билан қайтган эди.
XS
SM
MD
LG