Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

Ўшнинг Мажримтолида 23 та уй бузилаяпти


Ўш шаҳрининг қоқ марказидаги Мажримтол маҳалласи, Мўнуев кўчасидаги уйлар бузилмоқда. Уйларнинг бузилаётгани янги йўл қуриш зарурати билан изоҳланмоқда.

Мўнуев кўчасидаги бузилаётган хонадонларнинг баъзилари 2010 йил июн фожеаси кунлари ёндириб юборилган ва ўрнига янги уйлар қурилган эди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири хабар қилишича, хонадон соҳиблари бузилаётган уйи учун шаҳар ҳокимиятидан 30 мингдан 36 минг долларгача товон пули ҳамда шаҳар четидан ер участкаси олмоқда.

Лекин кўчирилаётганлар янги жойдаги шароитнинг оғирлигидан ташвиш билдирмоқда.

Улар, шунингдек, кўчишга шаҳар ҳокимияти ёрдам бермаётганидан норози.

Норозилардан бири Ханифа Нурматова. Унинг айтишича, баъзиларнинг уйларини бузишга шаҳар мэрияси ажратган кишилар ёрдам бермоқда. Лекин Ханифа опага бундай ёрдамчи ажратилмаган.

- Биз уйимизни бузишга розилик берганимиздан кейин давлат ҳам шартномада кўрсатилган бурчларини бажариши керак. Бунинг ўрнига бизни қийнашмоқда. Уйни бузишга ёрдам беришмади. Қариндош-уруғимни йиғиб ўзим бузаяпман. Турмуш ўртоғим ногирон, аёл бошим билан тош-ғишт ташиб юрибман, деб зорланди Ханифа Нурматова.

Нурилло Отажоновнинг уйи ҳам янги йўл “қурбони бўлмоқда”.

Унинг бу йил янги уйни битириб олишга кўзи етмаяпти. Нурилло ҳам ҳокимиятдан ёрдам кутаётганлардан.

-Уйни бузиб олиш учун ёрдам сўрасак беришмади. Ўзимиз эса, қанча меҳнат қилмайлик, улгура олмаяпмиз. Бузишга одам ёллайлик десак, озгина иш учун 5-10 минг сўм талаб қилишаяпти. Иложимиз қанча, ўзимиз ишлаяпмиз, деди Нурилло Отажонов.

Мажримтол маҳалласининг этагида шаҳарнинг марказий бозори бошланади. Шунинг учун бу маҳалла аҳли мутлақ катта қисмининг тирикчилиги азалдан бозор билан боғлиқ бўлиб келган. Янги жой шаҳарнинг четида. Шунинг учун мажримтолликлар бундан буён тирикчилиги қандай ўтишини ўйлаб бошлари қотган.

Мўнуев кўчасида уйи бузилаётганлардан яна бири Гулжаҳон опа. Икки йил олдин Ўш воқеалари давомида унинг уйи ёндириб юборилган эди. Мана энди ўша уй ўрнига қурилган икки хонали ғиштин уйни бузишга тўғри келаяпти.

- Янги уймимиз ғиштларининг ҳаммаси синиб, яроқсиз чиқаяпти. Буям майли, янги жойга бориб қандай яшайман? На сув бўлсин у ерда, на электр, на газ. Тирикчилигимиз нима бўлади? Уйимиз бузилиши биланоқ давлат бизни эсдан чиқаради. Кўчиб борган еримизда ҳам ёрдам бериб туриши керак, дейди Гулжаҳон опа.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири хабар қилишича, Мўнуев кўчасини Оқбура дарёсигача узайтириш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилинаётган эди.

Бу масала бўйича қарор қабул қилингач, уйларни бузиш бошланди. Бузилаётган 23 уйда 39 оила яшаётган эди. Уларнинг ҳаммаси ўзбеклардир.
Уйлардан ташқари бу кўчадаги 2 дўкон ҳам бузилмоқда.

Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармаси раҳбари ўринбосари Абдимитал Калбековнинг айтишича, бузилаётган уйлар эгалари рози қилинган.

- Олган товон пулларига ҳаммаси рози. Аввалига норози бўлишаётган эди. Лекин кейин рози бўлишди, дейди расмий.

Шуни айтиш керакки, Мўнуев кўчаси аҳли билан шаҳар мэрияси ўртасидаги тортишув анчага чўзилган, можарога халқаро ташкилотлар аралашгач, мэрия товон пули миқдорини кўпайтирган эди.

Абдимитал Калбековнинг фикрича, Мўнуев кўчасидаги уйларнинг бузилишидан “сиёсат изламаслик” керак. Уйлар шаҳарнинг транспорт қатнови ўта тиғиз бўлган қисмини бироз бўшатиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бузилаяпти.

Айтилишича, 23 уй ва 2 дўконнинг бузилиши эвазига қурилаётган узунлиги 1 чақиримлик йўл жорий йил ноябрида битади.
XS
SM
MD
LG