Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Швейцариядаги жиноят иши "Ўздунробита" можаросига боғлиқ бўлиши мумкин


“Ўздунробита” мобил операторининг ёпилиши ва Швейцарияда икки ўзбекистонликнинг ҳибсга олиниши бир-бирига боғлиқ ҳодисалар бўлиши мумкин. Кейинги кунларда очилган тафсилотлар шунга ишора қилмоқда.

Озодлик мухбири қўлга киритган ва бошқа манбаларда пайдо бўлган маълумотларга қараганда, “Ўздунробита” иши бўйича Ўзбекистон расмийлари томонидан қидирилаётган Беҳзод Аҳмедов ҳамда Женевада ҳибсга олинган Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев ўзаро боғлиқ шахслардир. Бу маълумотлар асосида уларни боғловчи шахс эса президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари Аҳмедов, Собиров ва Эргашевларнинг учаласи Швейцария прокуратураси тергов қилаётган бир жиноий ишнинг фигурантлари бўлишлари мумкин.

Озодлик ихтиёридаги молиявий ҳужжатлар нусхаларига кўра, Швейцарияда ҳибсда қолаётган икки ўзбекистонлик ишлайдиган Coca Cola-Uzbekistan ширкати 2002-2003 йилларда Гулнора Каримовага тегишли банк ҳисоб рақамларига камида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказганини кўриш мумкин.

Бунда одатда пул ювишда (ғайриқонуний даромадни легаллаштириш) амалиётида ишлатиладиган классик схемалардан фойдаланилган.

Яъни Гулнора Каримова 2001 йилда Дубайда иккита фирма очади. (Дарвоқе 2001 йилда Гулнора Каримова америкалик бизнесмен Мансур Мақсудийдан ажрашган ва баъзи хабарларга кўра, собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ доллари турган Coca Cola ичимлигини ишлаб чиқарувчи корхонасини тортиб олган.) Гулнора Каримова Дубайда очган Revi Holdings ва OA Stores фирмаларига 2002 йилда Coca Cola-Uzbekistan ширкатидан пул келиб тушади. Бу икки фирма эса “консултантлик хизмати учун ҳақ” сифатида Гулнора Каримованинг шахсий ҳисоб рақамига пул ўтказади.



Бунда Гулнора Каримова бу икки фирма билан алоқаси борлигини яшириб ҳам ўтирмайди. У Мансур Мақсудийдан ажрашаётган пайтда адвокатлар ҳақини тўлашда ҳам Revi Holdings фирмаси ҳисоб рақамидан фойдаланган.

Озодлик ихтиёридаги Coca Cola-Uzbekistan ҳамда Revi Holdings ва OA Stores ўртасидаги олди бердига ишора қилувчи ҳужжатлар 2002-2003 йилларга оиддир. Женевада ҳибсга олинганлардан бири 37 ёшли Алишер Эргашев эса айнан 2002 йилда Coca Cola-Uzbekistan ширкати директор ўринбосари лавозимини эгаллагани айтилмоқда.

Швейцария прокуратураси ўтган ҳафта Озодликка Женевада ҳисбга олинган икки ўзбекистонлик “пул ювиш амалиёти билан боғлиқ” жиноий ишда айбланувчи сифатида кўрилаётганини тасдиқлаган эди. Прокуратуранинг маълум қилишича, бу иш бўйича жами тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси айбланмоқда.

Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари қизиқаётган яна икки шахсдан бири “Ўздунробита”нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов бўлиши мумкин.

Тўртинчи айбланувчининг шахси 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакиян экани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Гаянэ Авакиян Гулнора Каримованинг яқин гумашталаридан биридир. Расман Фонд Форум уюштирадиган Style.uz маданият ҳафталикларининг бош директори ҳисобланган Гаянэ Авакиян, манбамизнинг айтишича, Гулнора Каримованинг молиявий ишларини бошқаради.

Ўзбекистон расмийлари томонидан қаллобликда айбланиб қидирилаётган Беҳзод Аҳмедовнинг Швейцариядаги ишга боғлиқлигига Ўзбекистон махфий хизматларига яқин экани айтиладиган Узметроном нашри ҳам очиқ ишора қилди.

Узметроном мақоласида Швейцарида Гулнора Каримовага яқин шахсларнинг ҳибсга олинишини “Ўздунробита” корхонаси тортиб олинган МТС ширкатининг ўчи сифатида талқин қилади.

Ўзбекистон расмийлари қаллобликда айблаб, халқар қидирувга берган "Ўздунробита" собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов Швейцариядаги жиноий ишга алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон расмийлари қаллобликда айблаб, халқар қидирувга берган "Ўздунробита" собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов Швейцариядаги жиноий ишга алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мақолада нашр бош муҳаррири Сергей Ежков ўз манбаларига таяниб, Беҳзод Аҳмедов Швейцария прокуратураси тергов қилаётган жиноят ишининг асосий фигуранти эканини таъкидлайди.

Шунингдек мақолада иддао қилинишича, МТСнинг асосий акционери бўлган Владимир Евтушенковнинг биносида ўзбекистонликлар ҳибсга олингани айтилаётган Женевадаги Lombard Odier банки вице президенти Александр Котчубей билан яқин алоқалари бор. Гўёки Александр Котчубей нуфузи Швейцария прокуратурасига ўзбекларни ҳибсга олиш ҳақида буюртма беришга етарли экани ва Ўзбекистон фуқаролари Lombard Odier банки биносида ҳибсга олингани иддао қилинади мақолада.

Лекин Lombard Odier банки бу иддаони қатъиян рад этди. “Lombard Odier банки биноси ёки ҳудудида ҳеч ким ҳибсга олинмади”, дея жавоб берди банк Озодлик саволига. Lombard Odier банки вакили Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев банк мижозлари бўлганми, йўқми деган саволни ҳам жавобсиз қолдирди.

Швейцарияда ҳибсга олинган ўзбекистонликлар ишини кузатаётган маҳаллий журналистнинг, шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Lombard Odier Швейцариядаги энг нуфузли банклардан биридир ва унинг вице президенти ҳатто Владимир Евтушенковнинг дўсти бўлса-да, банк обрўйини хавф остига қўйиб бундай ишга аралаша олмайди. Бундан ташқари шу пайтгача Швейцария прокуратураси бирор кишининг буюртмасига кўра иш тутганига оид инцидент бўлган эмас, дейди журналист.

Озодликнинг Ўзбекистон бизнес доираларидаги манбаси ҳам, Александр Котчубейнинг нуфузи Швейцария прокуратурасини “ўйната оладиган” даражада эканига шубҳа билан қарайди. “Лекин Гулнора Каримова ва унга яқин шахслар ҳақидаги маълумотларни Швейцария прокуратурасига МТСнинг асосий акционери Владимир Евтушенковга доҳил доиралар берган бўлиши мумкин”,- дейди суҳбатдошимиз. Унинг айтишича, Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинган МТС хўжайинида Гулнора Каримовага оид катта компромат, жумладан унинг Швейцария банклари орқали пул ювганига оид маълумотлар бўлиши мумкин.

Бу суҳбатдошимиз “Ўздунробита” собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов Швейцария прокуратураси тергов қилаётган ишга алоқадор бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди. “Беҳзод муаммолар бошланмасдан аввал Гулнора Каримовага яқин шахс бўлган. У “Ўздунробита”ни МТСга сотаётганда Беҳзод музокараларда асосий шахслардан бири бўлган. Ундан кейин ҳам Гулнора нари борса 10 миллион доллар турадиган реклама бизнесини Беҳзоднинг ёрдамида МТСга 50 миллионга ўтказган. Гулнора “Ўздунробита” учун МТСдан олган 200 миллион доллар хамир учидан патир бўлган холос, Гулнора 8 йил давомида МТСни соғиб келди”, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг тахмин қилишича, Швейцария прокуратураси "ўзбекча пул ювиш"га оид жиноят ишини "Ўздунробита" можаросидан аввалроқ бошлаган бўлиши мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG