Линклар

Ўзбекистон ҳукумати хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга кириш-чиқиш тартиби ва уларнинг республикада юриши бўйича тартиб-қоидаларга ўзгартишлар киритди.

Шу йилнинг 7 августида имзоланган ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистонда юриш тартиб-қоидаларини бузган хорижликлар 1 йилдан 3 йилгача мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Ўзбекистондан бадарға қилиниши мумкин.

Бундай тартиббузарликларга республикада яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳужжатлар билан яшаганлик, вақтинча ёки доимий қайддан ўтиш (прописка), ҳаракатланиш ёки яшаш жойини танлаш тартибига риоя қилмаганлик, Ўзбекистонда юриш муҳлати битганидан кейин мамлакатдан чиқиб кетишдан бош тортганлик, Ўзбекистон орқали транзит ўтиш қоидаларига риоя қилмаганлик кабилар киради.

Хорижликлар Ўзбекистондан содир этилган жиноят учун суд томонидан белгиланган жазони ўтаганидан ёки жиноий жавобгарликдан озод қилинганидан кейин депортация қилиниши айтилмоқда.

Шу ўринда жамоатчилик учун унча катта хавф туғдирмайдиган жиноят содир этганлик учун қонунбузарнинг 5 йилгача Ўзбекистонга кириши тақиқланиши, оғир жиноятлар содир этганлик учун эса 10 йилгача ёки бир умрга Ўзбекистонга кириши тақиқланиши мумкинлиги урғуланган.

Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш муддати хорижлик фуқаро учун у мамлакатдан депортация қилинган (чегарадан чиқариб юборилган) кундан бошлаб ҳисобланади. Тартиб-қоидаларнинг аввалги версиясида тақиқ муддатлари белгиланмаган эди.

Кузатувчиларга кўра, янги тартиб-қоидалар билан ўзбек расмийлари ўзларини “хушланмаган меҳмон”лардан иҳота қилиш учун ҳуқуқий база яратмоқчилар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 29 феврал куни Ўзбекистонга келган Би-Би-Си мухбири Наталя Антелава, 23 март куни эса Россияда нашр этиладиган “Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Тошкент аэропортидан депортация қилинган эди.

Мазкур тартиб-қоидалар “ўзини яхши тутмаётган” фуқаролиги бўлмаган шахслар учун “пўписа таёғи” бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG