Линклар

АҚШнинг NUKEM Inc. ширкати Ўзбекистоннинг давлатга қарашли Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан уран сотиб олишга оид янги келишувга эришишга умид қилмоқда.

17 август куни Тошкентда очилажак Америка – Ўзбекистон бизнес форумида NUKEM.Inc. Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан уран етказиш бўйича шартнома имзолаши мумкин.

NUKEM Inc. ширкатининг МДҲ давлатлари бўйича вакили Рэм Архипов бу ҳақда Озодлик радиосига маълум қилди.

- Ўзбекистон билан уран бўйича 1992 йилдан буён амал қилиб келаётган шартномамиз бор. Энди бу шартнома муддати тугаяпти ва янгисини имзолаш вақти келди. Шу хафта оҳирида Тошкентда очилажак бизнес форум доирасида Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан уран етказиш бўйича янги шартнома имзолашга умид қиляпмиз,- деди Рэм Архипов.

Лекин Архипов янги шартнома жиҳатлари ҳақида маълумот бермади.

NUKEM Inc. атом электр станцияларига уран етказиб берувчи жаҳондаги йирик ширкатлардан биридир.

Ушбу ширкат 1992 йилдан буён ўзбек уранини жаҳон бозорига чиқариш бўйича эксклюзив шартномага эга бўлиб келган.

Ўтган бу давр ичида NUKEM Inc. жаҳоннинг 12 давлатидаги мижозларига 45 минг тонна ўзбек уранини етказиб берган.

Шартнома муддати келаси йил тугаши керак. 2005 йилда мазкур шартнома 2013 йилгача узайтирилган эди.

Айни пайтда Япония ҳам Ўзбекистоннинг уран захираларига алоҳида қизиқиш билдириб келади.

Ўтган йили Ўзбекистон Япониянинг Itochu ширкати билан ҳам уран сотиб олишга оид 10 йиллик келишувга эришган эди.

10 йиллик битим доирасида Itochu йилига 500 дан 1000 тоннагача ўзбек уранини сотиб олиши айтилган.

Жаҳон Ядро Уюшмасининг 2011 йилги маъмулотларига кўра, Ўзбекистон йилига қарийб 2500 тонна уран ишлаб чиқаради. Бу билан Ўзбекистон дунёда еттинчи ўринда туради.

Уран захираси бўйича эса, Ўзбекистон дунёда 12-ўринни эгаллаши ва 111 минг тонна уранга эга эканлиги айтилади.

Ўзбекистон экспорт қиладиган ураннинг ҳаммаси Навоий тоғ-металлургия комбинати маҳсулотидир.

Ушбу комбинатнинг ўз исмини айтмаган ходимларидан бири уран етиштириш жараёни ҳақида Озодлик радиосига гапириб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG