Линклар

Ҳуқуқ ҳимоячи ўлимида гумонланганлар озод қилинди


Ҳуқуқ фаоли Акромхўжа Муҳиддинов 25 июл куни Янгийўлда ўлдирилган эди.

Ҳуқуқ фаоли Акромхўжа Муҳиддинов 25 июл куни Янгийўлда ўлдирилган эди.

Янгийўл милицияси пичоқлаб ўлдирилган ҳуқуқ фаоли Акромхўжа Муҳиддинов ўлимида гумонланган икки кишини ҳибсдан озод қилди.

Икки гумондор озод қилинди

25 июл куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани Тинчлик посёлкасида содир этилган қотиллик бўйича уч киши ҳибсга олинган эди.

Бироқ орадан кўп ўтмай (аниқ санаси расмийлар томонидан очиқланмаяпти-таҳр.) Янгийўл милицияси 59 яшар Акромхўжа Муҳиддинов ўлимида гумонланганлардан икки кишини ҳибсдан озод қилган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган марҳумнинг рафиқаси Муқаддас Муҳиддиновага кўра, туман прокуратураси гумонланувчилар нега ҳибсдан озод қилинганини изоҳламаётир.

- Мирисломнинг отаси кўзи билан кўрган. Боласи пичоқлаëтган жойда устида бўлган. Кейин тоғаси бўлган. “Ур, ур, ўлдир” деб гижгижлаган. Шу иккисини чиқариб юборган. Уруш чиқарган бола. Лекин пичоқ урган бола Мирислом ўтирибди. Уни ўша куни ушлаган милициялар қўйиб юборган. (Бугун) эрталаб прокуратура чақирган экан. “Ўзингиз яна ариза ëзасиз бошқатдан. Улар нима учун қўйиб юборганини жалоба қилиб ëзишингиз керак” деб чақиртирган экан,- дейди Муқаддас опа.

Ҳуқуқ фаоли шашликчининг пичоғи билан ўлдирилган

Муқаддас Муҳиддинованинг айтишича, қотил уларнинг маҳалладоши бўлиб, у эрининг жигарига уч марта пичоқ урган.

Воқеага шахсан гувоҳ бўлган Муқаддас опага кўра, дастлаб эрини уч киши калтаклаган.

- Ресторандан чиққан эдик меҳмонлар билан. Меҳмонларни жўнатдик. Улар магазиннинг олдида ичиб ўтиришган экан иккита бола. Кейин шундай ўтаëтган жойида баҳона қилиб туртиб юборди менинг хўжайинимни. Шундан баҳона чиқиб уруш қилишди. Ëқалашиб кетди. Зўрға ажратиб олдим. Кейин уйига бориб отасини чақириб келиб, шашликчининг пиëз тўғраб турган пичоғини ўғирлаб келиб пичоқ урганда орқасидан. Уч марта жигарига урган. 40 минутдан кейин жон берди қон тўхтамасдан. Кўчада, рестораннинг олдида бўлди,- дейди воқеага шахсан гувоҳ бўлган Муқаддас опа.

59 яшар Акромхўжа Муҳитдинов 7 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси аъзоси сифатида фаолият юритиб келган.

Алянс раҳбари Елена Урлаева иддаосича, Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлдирилиши унинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқдир.

- Бугун офисимизга республиканинг барча ҳудудларидан келган ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилган. Уларнинг барчаси Акромхўжанинг ўлимини ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан босимга далил сифатида баҳолашмоқда. Чунки Акромҳўжа Муҳиддинов жуда дадил, жасур ҳуқуқ ҳимоячиларидан эди. Унга жуда кўплаб ҳужумлар бўлган. У болаларнинг пахтага олиб чиқилиши бўйича рейдлар қилган, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган. У жуда фаол эди. Биз провокациячилар қўли билан унинг жонига қасд қилишди деб ҳисоблаймиз,- дейди Елена Урлаева.

Ҳозирда Янгийўл туман прокуратураси Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси яъни “Қасддан одам ўлдириш” бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгийўл туман прокуратурасининг ўзини таништирмаган маъсул ходими ҳуқуқ фаолининг ўлими бўйича тергов жараёни кетаётгани боис қотилликка оид тафсилотларни очиқлай олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG