Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:01

Жиззах милицияси фоҳишалар билан курашишга киришди


Мустақиллик байрами арафасида Жиззах шаҳри ва Зарбдор туманида милиция ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳ фоҳишаларни ва исловотхоналарни аниқлаш операциясини бошлади.

Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликни олдини олиш гуруҳи "туманни фоҳишалардан тозалаш"га киришди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uznews.net Интернет нашрига кўра, 10 кишидан иборат милиция наряди Зарбдор туманида “тозалаш” ишларини олиб бормоқда.

Ана шу гуруҳга раҳбарлик қилаётган Зарбдор тумани ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликни олдини олиш гуруҳи раҳбари Аъзам Шамсиев Озодлик саволларига телефон орқали жавоб беришдан бош тортди. У бу борада профилактик ишлар олиб борилаётгани ва ҳар қандай саволга фақат юзма-юз учрашганда жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида яшайдиган инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдилло Раззоқовнинг айтишича, милиция ходимлари уйма-уй юриб фоҳишаларни ва исловотхоналарни аниқлашга киришган:

- Биз ҳам шу нарсани гувоҳи бўлдик. Бир группа ички ишлар ходимлари маҳаллаларда уйма-уй юриб, текширув олиб боряпти. Улар спиртли ичимликлар сотуви билан ноқонуний шуғулланаётганларни, фоҳишаларни “очистка” қиляпмиз, дейишди,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, айни пайтда жамиятда фоҳишалар кўпайган.

- Уларнинг бир қисми шароитининг йўқлигидан, мажбурликдан фоҳишаликни танлаган. Улар танасини сотиб бўлса ҳам кун кўриш учун фоҳишалик қилишга мажбур бўляпти. Менга яқинда бир 20 киши келиб фоҳишалар кўпайиб кетди, уларни тозалаш учун нима қилишимиз керак, деб мурожаат қилди. Мен уларга бу ҳақда ички ишларга мурожаат қилишни маслаҳат бердим,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Зарбдор туманида истиқомат қилувчи Баҳриддин исмли йигитнинг айтишича, жамиятни фоҳишалардан тозалаш ишлари ҳамма жойда олиб бориляпти:

- Жиззах шаҳрини фоҳишалардан тозалашяпти. Зарбдор туманининг Бўстон деган шаҳарчасида Атиргул опа бор, яъни мама Роза. Ўшаникидан қизларни милиция олиб кетган, дейишяпти. Жўраларим янгилари бор, янгилари бор, дейишаётган эди,- дейди Баҳриддин.

Бироқ, исми сир қолишини ва овозини эшиттирмаслигимизни сўраган жиззахлик милиция ходимининг айтишича, Жиззах шаҳрида ва туманлардаги қўшмачиларнинг кўпчилиги маҳаллий участка нозирлари билан келишиб ишлайди. Баъзи пайтларда, улар уюштирган махсус сценарий асосида “дам олгани” келган мижоз милиция ходимлари томонидан “ушлаб” олинади ва у жавобгарликка тортилиши, иш жойига ёхуд уйига хабар берилиши мумкинлиги ҳақида қўрқитилганидан сўнг катта пул эвазига “қутулиб” кетади, дейди исми сир қолишини сўраган милиция ходими.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:23 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG