Линклар

logo-print

Блейк Тошкентда қитъалараро стратегия тақдимотини ўтказиши кутилмоқда


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистонга ташрифи чоғида “Янги Ипак йўли” стратегияси тақдимотини ўтказади.

Бу ҳақда REGNUM ахборот агентлиги Қозоғистон илмий доираларига яқин манба сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Агентлик манбасига кўра, аввалроқ мазкур тақдимотни Олмаотада жойлашган Халқаро сиёсат ва иқтисодиёт институти базасида ўтказиш мўлжалланган, бироқ америкалик юқори лавозимли дипломат номаълум сабабларга кўра тақдимот санаси ва жойини ўзгартиришга қарор қилган.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти сайтида ҳам, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида ҳам “Янги Ипак йўли” стратегияси тақдимоти тўғрисида бирор маълумот берилмаган. Хусусан, элчихона сайтида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Роберт Блейк 2012 йил 15-18 август кунлари Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюриши, Тошкентда у учинчи АҚШ-Ўзбекистон Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар чоғида АҚШ делегациясига раҳбарлик қилиши айтилади.

“Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар структурал сиёсий мулоқот бўлиб, улар икки томонлама ва минтақавий масалаларга оид кенг кўламли ҳамкорлик учун умумий кун тартибимиз ва имкониятларимизни илгари суриш мақсадида ишлаб чиқилган. Делегациялар АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини, шу жумладан, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари, гиёҳвандликка қарши кураш, таълим ва маданий алмашинув, иқтисодий тараққиёт ва савдо соҳаларига оид барча жиҳатларни муҳокама қилади. АҚШ делегацияси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади”, дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарда.

“Янги Ипак йўли” концепцияси ҳақида 2009 йил охирларидан сўз юра бошлаган. Ўшанда АҚШ ва НАТО Афғонистондан кетганидан кейин Шимолий тақсимот тармоғининг кейинги тақдири атрофидаги муҳтамал сценарийларни таҳлил қилган сиёсий ва ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи бу концепция устида ишлай бошлаганди.

“Янги Ипак йўли” лойиҳаси концепцияси устида ҳарбийлар ва махсус хизматлардан ташқари Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (Center for Strategic and International Studies, CSIS) ҳам ишламоқда. CSIS ҳисоботига кўра, “Янги Ипак йўли” Евросиё ҳудудини тўла қамраб олувчи қитъалараро савдо тармоғи бўлиб, унинг АҚШ иқтисодий манфаатлари ҳозирлигини қайд этади, Афғонистондаги исёнчиларга қарши кампания муваффақиятини мустаҳкамлайди ҳамда акс тараққиётнинг олдини олади ва шу билан АҚШнинг кенг кўламдаги стратегик мақсадларини амалга оширади.

Ўтган ой АҚШ Конгрессида чиқиш қилган Роберт Блейк августда Тошкентда ўтадиган икки томонлама маслаҳатлашувларда Қўшма Штатлар делегациясига бошчилик қилишини билдирганди.

- Ўзбекистон Шимолий тақсимот тармоғида марказий ролни ўйнайди, бунда юкларнинг кўпи ўзбек-афғон чегараси орқали етказиб берилмоқда. Маълумингизки, январ ойида АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича чекловларни бекор қилди. Натижада, биз минтақада террорчи гуруҳлар ва наркотрафик томонидан бўлажак хавф-хатарларга қарши курашиш учун зарур бўлган асбоб-анжомлар ва ўқув машғулотларини тақдим этишга муваффақ бўлолдик, - деганди июл ойида америкалик депутатлар олдида чиқиш қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

Ўшанда Блейк Тошкентда ўтажак икки томонлама маслаҳатлашувларда томонлар АҚШ ширкатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизажак сармоясини ошириш учун зарур бизнес муҳит яратишда олға силжишга эришиш, таълимий ва маданий алмашувлар миқдорини кўпайтириш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳаларидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик устида ишлашларини қайд этганди.

- Биз Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилаяпмиз, - деганди Роберт Блейк.
XS
SM
MD
LG