Линклар

logo-print

2013 йил январидан бошлаб Ўзбекистонда "Дунё бўйлаб" ва "Маданият ва маърифат" телеканаллари ўз фаолиятини бошлайди.

Иккита янги телеканал Ўзбекистон Президентининг жорий йил 30 июлдаги “Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг рақамли телеканаллари сонини ошириш, улардан тўлиқ форматда фойдаланиш, сифатли бойитиш ва хизмат кўрсатиш тўғрисида"ги қарорига асосан ташкил қилинаяпти.

Ўз кўрсатувларини рақамли форматда эфирга узатиши режалаштирилган янги телеканаллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида фаолият кўрсатади.

Кейинги бир йил мобайнида “Маънавият” телеканали лойиҳа ўлароқ амалиётда синаб кўрилаётган эди.

Эндиликда бу канал “Маданият ва маънавият” номи билан расман фаолият кўрсатади.

Миллий телерадиокомпанияда фаолият кўрсатувчи журналистнинг айтишича, “Маданият ва маънавият” каналида маданий-маърифий қадриятлар, илмий кашфиётлар, илмий-оммабоп кўрсатувларнинг эфирга узатилиши режалаштирилган.

- Телеканаллар январдан ишга тушади. Иккаласи ҳам давлат канали бўлади. Биттаси географик бўлади “Дунë бўйлаб”, иккинчиси култура, “маданият ва маънавият”. Томошабин учун керак. Томошабин ўша мавзудаги кўрсатувларни кўради. Бошқаларни қидириб ўтирмайди. Маданият тўғрисидаги ҳамма нарса томошабинга керак. Бу аниқ нарса. Урф-одатларми, анъаналарми, бошқаларми бу ҳам керак. Иккинчиси географик канал. Саëҳат ҳар доим керак бўлган нарса. Кўрсатувларни канал бўйича ажратиш яхши эмас. Бу дунëда бор нарса. Томошабин учун яхши, жуда ҳам яхши. Бу тўғри ўйланган нарса. Энг асосийси нима қилинса ҳам томошабин учун қилинади,- дейди тележурналист.

"Маданият ва маънавият" канали орқали “аҳолининг маданий ва маърифий даражасини ошириш, ўсиб келаётган авлодда илмий кашфиёт ва билимлар, маданий қадриятларга бўлган қизиқишларни шакллантириш” мақсад қилинган.

Шунингдек, мазкур канал орқали хориждаги етакчи ўқув, илмий ва маданий марказларининг фаолиятини оммалаштириш ҳам режалаштирилган.

"Дунё бўйлаб" телеканали эса, асосан, хорижий телеканаллар кўрсатувларини намойиш этиши айтилаяпти.

Миллий телеканалдаги манбага кўра, бу кўрсатувларнинг ҳар бири учун махсус лицензия олинади.

Бу кўрсатувларнинг тарих, география, дунё халқларининг анъана ва маданиятлари мавзусида бўлиши айтилаяпти.

Шунингдек, мазкур телеканал ижодкорлари Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, мамлакатдаги экологик туризм ҳақида илмий-оммабоп ва маърифий дастурларни тайёрлаши режалаштирилган.

Ўзбекистон Президентининг юқорида тилга олганимиз 30 июлдаги қарорига кўра, янги телеканаллар учун маблағ давлат бюджети томонидан ажратилади.

Мазкур қарорга кўра, хорижий телекўрсатувларни сотиб олиш ҳам давлат томонидан молиялаштирилади.

Телеканалларнинг техник жиҳозлари халқаро ташкилотларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобига харид қилиниши мўлжалланган.

Янги телеканаллар очилаётганлигидан хурсандлигини айтган тошкентлик томошабин йигит кўрсатувлар сифати яхшиланишига умид қилади.

- Албатта яхши. Биринчиси дунë бўйлаб деб дейишаяпти. Дунë бўйлаб ўзбек халқининг саëҳат кўрсатувлари пайдо бўлади. Балки дунë бўйлаб кўпроқ маълумот берадиган дастурлар пайдо бўлади ва халқимизга дунëни танитишда асосий дастур бўлиб хизмат қилади деб ўйлаяпмиз. Иккинчи канал мана маърифат ва маънавият канали дейишаяпти. Бу канал яна биринчи каналдек зерикарли тусга кириб қолмаслиги учун улар жиддий бош қотириши керак деб ўйлайман. Маънавият мавзусини кўтариб маърифат мавзусини кўтариш керак. Лекин ëшларга етиб борадиган қилиб тақдим қилиш йўлларини ўйлаб кўриш керак. Умуман биринчи каналдагидан кўра янги бир ëндашув билан янги мутахассис, кадрларни олиб бу ишни йўлга қўйса, халқ кутган янгилик бўлар эди деб ўйлайман,- тошкентлик томошабин йигит.

"Маданият ва маънавият" каналига Воҳид Луқмон исмли тележурналист директор этиб тайинлангани айтилаяпти.

“Дунё бўйлаб” канали раҳбари ҳақида ҳозирча маълум қилингани йўқ.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги манбага кўра, “Маданият ва маърифат" телеканалига 181 нафар, "Дунё бўйлаб" телеканалига эса 152 нафар ходим ишга қабул қилинади.

Манбанинг айтишича, "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" телеканалларида ишлаётган ходимлар янги каналларга ўтказилади.

Ҳар бир каналда 5 та бўлим бўлиб, улар қошида бадиий кенгаш ҳам ташкил қилинади.

Ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 4 та телеканал - “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Спорт” ва 5 та радиоканал “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Машъал”, “Тошкент” ва “Олтин замин” фаолият кўрсатмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG