Линклар

logo-print

АҚШнинг нуфузли “Los Angeles Times” газетаси Ўзбекистонлик таниқли мухолифат фаоли ва собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаровнинг мақоласини чоп этди.

"Ўзбекистон бундан яхшироқ ҳаётга лойиқ" сарлавҳали мақола АҚШ Давлат котиби Роберт Блейкнинг Ўзбекистонга сафари арафасида эълон қилинди.

Ўз мақоласида Умаров АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун ҳукуматга босим қилиши лозимлигини таъкидлаган.

Умаровнинг ёзишича, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида аниқ қадамлар талаб қилиши керак.

"Ноҳақ қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифат аъзоларининг озод этилиши борасида қатъий талабларни қўйиши керак",- деб ёзади "Серқуёш Ўзбекистон" мухолифат коалициясига асос солган Санжар Умаров.

Ўзининг ҳам халқаро босимлар самараси ўлароқ, озод этилганини таъкидлаган ўзбек мухолифатчиси Ўзбекистонда ҳали ҳам минглаб одам қийноқ ва зўравонликлардан азоб чекаётганини эслатган.

"Менинг омадим бор экан, лекин минглаб маҳбус ўзбек қамоқхоналарида қийноқ ва зўравонликларга дуч келмоқда, миллионлаб одам оддий ҳуқуқларидан маҳрум ва доимий қўрқувда яшада",- деб ёзади Санжар Умаров.

“Серқуёш Ўзбекистон” раҳбари 2005 йил 13 май воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказиш талаби билан чиқиши ортидан молиявий жиноятларда айбланиб 14.5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2009 йил ноябрида Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафари арафасида у озод этилган эди.

“Мен ўлим ёқасига келиб қолгандим. 2008 йилда менинг хотиним Индира билан учрашишга рухсат берилганда, қийноқлардан шу қадар ожиз бўлиб қолгандимки, хотинимни зўрға таниган эдим",- деб хотирлайди собиқ сиёсий маҳбус ўзбек қамоғида кўрган-кечирганларини.

Ҳозир Санжар Умаров оиласи билан Қўшма Штатларда яшамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG