Линклар

Қаровсиз итлар ғамxўрлари ëрдамга муҳтож


Дайди итлар Ўзбекистон шаҳарлари муаммосига айланган.

Дайди итлар Ўзбекистон шаҳарлари муаммосига айланган.

Тошкент вилоятидаги “Имкон бер” номли дайди итлар бошпанаси маҳалла аҳли шикоятлари боис бошқа жой изламоқда.

Дайди итлар ва мушукларга тинч яшаш имконини берган бошпана ташкилотчилари кейинги уч ой мобайнида маҳаллий ҳокимият вакиллари билан зиддиятда бўлишди.

Қўшниларнинг кўп сонли шикоятларини ўрганган маҳаллий ҳокимият бошпана ҳудудини бир ой ичида озод этиш тўғрисида кўрсатма бериб 15 июнга қадар итхонани кўчириш ҳақида ташкилотчиларни огоҳлантирган эди.

Аммо 200га яқин итлар ва мушуклар сақланган бошпанани кўчириш осон бўлмади.
Жорий ҳафтада бошпанадаги итлар вовуллашидан зада бўлган маҳалла аҳли йиғин ўтказиб ҳайвонсеварларга янги ултиматум қўйди.

Маҳалла аҳли зудлик билан итлар сақланадиган бошпана кўчирилишини талаб қилишди.

Ҳайвонсеварлар эса 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятининг Чирчиқ йўлидаги маҳалла ҳудудуни бўшатиб қўйиш ваъдасини беришди.

Ит эгасини қидирмоқда

Тошкентлик 54 яшар врач Зоҳида Исломова ҳайвонларни севгани боис бу бошпанини ўз маблағи ҳисобидан ўтган йили ташкил қилган эди.

Бошпана тугатилса, 200га яқин ит яна қаровсиз қолади, дейди Озодлик билан суҳбатда Зоҳида Исломова:

- Биз хозир бу итларга янги эгалар қидиряпмиз. Итлар эмланган, паразитларга қарши ишлов берилган, халқаро намунадаги паспортларга эга, кўпчилиги стерилизация ва кастрация қилинган. Ҳозир итларга эга керак¸дейди тошкентлик ҳайвонсевар.

Комхоздаги ит ушловчилар

Тошкент вилоят ҳокимияти коммунал ҳўжалик бошқармасида ит ушловчилар бўлими бор.

Бу бўлим ҳодимлари кўчалардаги дайди ҳайвонларни ушлаш билан шуғулланишади. Тошкент вилоятидаги дайди итлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш уларнинг вазифа доирасига киради.

Ҳайвонсевар Зоҳида Исломова бу ташкилот қилаëтган ишдан қониқмагани боис¸ уларга муқобил бошпана ташкил қилганини айтади:

- Комхоздаги ит ушловчилар, итларни тутиб ўлдиришади. Биз эса уларни даволаймиз. Ҳар хил касалларга қарши эмлаймиз. Уларга паспорт олиб янги эгаларига берамиз. Бир сўз билан айтганда биз итларни янги ҳаëтга йўналтирамиз.

Гўштга топширилаëтган итлар

Дайди ҳайвонлар тақдири борасида ташвишланган Зоҳида Исломова масаланинг яна бир томонига эътибор қаратади:

- Дайди итларнинг гўшти учун овланиши бизни ташвишга солмоқда. Нафақат корейс балки ўзбек ва қозоқлар ҳам бугун ит гўшти емоқда. Бунга қонун йўли билан чек қўйса бўлади деб ўйлайман. Ўзбекистон санэпид назорат тизими реестрида ит гўшти йўқ. Ит гўшти пиширадиган ресторанлар ўз менюларида мол ëки қўй гўшти деб ëзишади. Ўзбекистон ҳудудида итни гўшт учун овлаш қонунга зид, дейди Зоҳида Исломова.

Итлар бошпанаси тугатилаëтгани боис “Имкон бер” ташкилоти интернетда кимга текин ит керак бўлса биздан олсин деган деган эълон берди.

Бу эълон бўйича кўп қўнғироқлар ит гўштидан овқат қиладиган ресторанлардан келди дейди Анастасия исмли 18 яшар ҳайвонсевар.

Итлар муаммосини биргаликда ҳал қиламиз

Анастасия 18 ëшда. У Чет тиллар институти талабаси. Анастасия “Имкон бер” ташкилоти атрофига бириккан ўнлаб кўнгилли итсеварлардан бири. Хозир Анастасия бошпанасиз қолган кўппакларга янги эга қидириш билан банд:

- Янги эгани топиш осон бўлмаяпти. Ҳамма зотли, насл-насабли ит хоҳлайди. Бизда фақат зоти номаълум кўппаклар бор. Агар итларга эга чиқмаса биз уларни ўз орамизда бўлиб оламиз. Ит отувчилар тарафидан уларни ўлдирилишига йўл қўймаймиз, дейди тошкентлик ҳайвонсевар Анастасия.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG