Линклар

logo-print
Ўзбекистонда давлат тест синови натижалари бугун - 16 август куни эълон қилинади. Бу ҳақда Озодликка Республика Давлат тест маркази вакили маълум қилди.

Абитуриентлар тест натижаларини бевосита имтиҳон топширган олий ўқув юртларига бориб билишлари мумкин.

Имтиҳонларни ўтказишга масъул марказ вакилининг айтишича, натижаларни Давлат Тест Марказининг расмий сайти - dtm.uz орқали ҳам аниқлаш имкони яратилади.

Жорий йил мамлакатдаги “Ucell”, “Beeline” ва “Perfectum Mobile” каби уяли алоқа операторлари “Абитуриент–2012” – тест натижаларидан хабардор бўлиш хизматини таклиф қилган. Уяли алоқа операторлари абонентлари натижадан воқиф бўлиш учун тест жавоб варағи рақамини СМС орқали 5151 рақамига юборишлари кифоя.

СМС жавобида варақа рақами, олий ўқув юртининг коди, абитуриент неча балл олгани, танлов натижаси (грант ёки шартнома асосида ўқишга киргани ёки ўқишга кириш учун етарли балл тўплай олмагани) тўғрисида маълумот ўз аксини топган.

Ушбу хизматга битта СМС юбориш баҳоси 0,75 долларлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Ўзбекистоннинг 57 та олий ўқув юртида давлат тест синови бўлиб ўтди.

Бу йил 432 017 нафар йигит-қиз талаба бўлиш илинжида олийгоҳларга ҳужжат топширган.
XS
SM
MD
LG