Линклар

logo-print

Блейк Каримов билан учрашди


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк бу гал Тошкентга аввалгиларидан ҳам нуфузлироқ делегация билан келгани айтилмоқда.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк бу гал Тошкентга аввалгиларидан ҳам нуфузлироқ делегация билан келгани айтилмоқда.

“Америка Қўшма Штатлари раҳбарияти Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашдаги, Афғонистонни тинч йўл билан тиклашдаги ролини юксак баҳолайди ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишдан манфаатдордир”.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, кеча президент Ислом Каримов билан учрашган америкалик юқори лавозимли дипломат Роберт Блейк ана шундай мулоҳазаларни билдирган.

Ўзбекистон билан Қўшма Штатлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи даврасида иштирок этиш учун 15 август куни Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Америка давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегацияга бошчилик қилмоқда.

Америкалик меҳмонларнинг 18 августгача Ўзбекистонда қолиши, хусусан, 17 август куни Тошкентда бўлиб ўтадиган ўзбек-америка бизнес-форумида АҚШдаги етакчи ширкатларнинг 50 дан зиёд раҳбари иштирок этиши кутилаяпти.

АҚШ делегацияси раҳбари Роберт Блейкнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан кечаги учрашуви чоғида, Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, икки давлат ўртасидаги “савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган”. Шу жумладан, Американинг “General Motors”, “Boeing”, “Lockheed Martin”ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари иштирокида ушбу соҳада ҳамкорлик бўйича яхши тажриба тўплангани таъкидланган.

Айни пайтда Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 241 корхона рўйхатга олингани, АҚШнинг Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри сармояси ҳажми эса 2 миллиард доллардан ошгани урғуланмоқда.

Бугун Тошкентда Ўзбекистон билан Қўшма Штатлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтиши, унда икки мамлакат делегациялари вакиллари (айрим маълумотларга кўра, бу галги маслаҳатлашувларда қатнашадиган делегация таркиби ҳам анча жиддий) АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини, шу жумладан, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари, гиёҳвандликка қарши кураш, таълим ва маданий алмашинув, иқтисодий тараққиёт ва савдо соҳаларига оид барча жиҳатларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG