Линклар

Андижондан қўнғироқ қилганлардан бирининг айтишича, давлат авто-назорати ходимлари шаҳар марказидан ўтиш учун машиналардан "бож" олмоқда.

“Қонун суриштирсангиз, расво бўлиб юраверасиз!”

Андижонлик пенсионер Садирохун Сўпиевнинг айтишича, бу гапни у давлат автомобил назорати ходимидан 13 август куни эшитган.

Тингловчимизга кўра, мана бир ойдирки, Андижон марказидаги шоҳ кўчадан “Damas” машиналари юриши мумкин эмас, деган баҳона билан ДАН ходимлари “ҳайдовчиларни шилаяпти”.

ДАН ходимига пора беришни истамаган тингловчимизнинг машинаси 13 августдан бери ҳибсда.

- 13 август куни биз Андижонда янги бозорга дори олгани борган эдик. Катта йўлда дорихона бор. Ўша ерга тушган эдик. ГАИ ходимлари тўхтатди бизни. 01-93 номерли ГАИ тўсиб “Бу йўлдан юрмайсизлар” деди. “Нима учун юрмаймиз?” десак, ...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.



“Ўзбек спортида ғирромлик кучли”

“Эркин микрофон”га 16 август куни мурожаат қилганлардан яна бири Наманган вилоят, Мингбулоқ туманида яшовчи Мухторали акадир.

У ўзбекистонлик спортчиларнинг Лондон олимпиадасидаги муваффақиятсиз иштироки сабаблари тўғрисида фикр билдирди.

“Ўғлим бокс билан бир неча йил шуғуллангани учун бу соҳадаги аҳволдан хабарим бор”, деди Мухторали ака.

Шунинг учун у кишининг айтганларини эшиттиришга қарор қилдик.

- Ўзбекистонлик спортчиларнинг мағлубияти биринчи ўринда иқтисодиëтга бориб тақалади. Иқтисодиëт моторга ўхшаб бутун мамлакатни юқорига тортувчи нимада. Ўзбекистон иқтисодиëти кундан кунга гирдобга тушиб ютилаëтган нимага ўхшайди. Шунинг учун барча соҳалар қатори спорт ҳам пастга қараб кетаяпти.

Озодлик: Спортдаги муваффақият ëки муваффақиятсизлик иқтисодиëтга боғлиқ деган гапда жуда ҳам катта кашфиëт йўқ. Бу ақл билан, мантиқ билан етиб олса бўладиган гап. Асосий сабабларидан яна нималарни айтган бўлардингиз?

- Асосий сабабларидан биттаси мисол учун мана ўзимдан олиб айтаяпманда. 1992 йилда туғилган ўғлимни 9-синфни битиргандан кейин медколлежга жойлай олмаганимдан кейин Намангандаги Паҳлавон спорт мажмуасининг болалар ва ўсмирлар бокс мактабига топширдим. Шу бола ўқиди. Ойига 170-180 мингдан пул сарфлаб 1,5 йил ўқитдим. Молиявий имкониятим бўлмаганлиги сабабли ўқишини тўхтатдим. Ҳозир Россияда юрибди. Ўша ўғлим Россияга кетишидан олдин бир йил шуғулланмасдан юриб, вилоят биринчилиги бўлаëтган экан Чуст шаҳрида, мусобақадан ташқари 64 кило вазнда вилоят биринчилигини қўлга киритган бола билан ўртоқлик учрашувида муддатидан олдин енгиб қўйди ўшани. Бир йил шуғулланмай юрган бола вилоят чемпиони бўлган болани енгиб қўйди. Тасаввур қилаверинг, дейди Мухторали ака.

Овоз сифати ёмон бўлгани учун ўзбек спорти учун жони ачиб гапираётган Мухторали аканинг сўзларини шу жойда бўламиз.

Мухторали ака оиласининг моддий имкониятлари кўтаролмай қолгани учун боксни бир йилга ташлаб қўйган ўғли вилоят чемпионини мағлуб қилиб қўйганини шарҳлар экан, у бунинг замирида спортдаги ғирромлик ётибди, деди.

- Ғирромлик спортда ниҳоятда катта. Шу нарсага кириб кўрганим учун, ўғлимни ўқитиб кўрганим учун шу нарсани айтаяпманки, Ўзбекистонда нафақат сиëсатда, бошқа соҳаларда, балки спортда ҳам ғирромлик ҳаддан ташқари илдиз отиб кетган. Коррупция дейсизми, бошқаси дейсизми ҳамма нарса бор бунинг ичида. Ўзбекистон спорти орқада қолишининг биринчи сабаби иқтисодиëт бўлса, иккинчиси ғирромлик, дейди Мухторали ака.

**********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG