Линклар

logo-print

Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ҳажми ошди

  • Абдулла Искандар

Ишлаб чиқариш ошганига қарамасдан Chevrolet Malibu машинасини сотиб олиш учун икки ой кутиш кераклиги айтилмоқда.

Ишлаб чиқариш ошганига қарамасдан Chevrolet Malibu машинасини сотиб олиш учун икки ой кутиш кераклиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги 7 ой ичида автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати Озодлик радиосига билдирди.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг Саноaт бошқармаси мутаxассиси Анжела Авакова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқариш саноатининг жорий йил январидан июл ойига қадар 2 миллиард 300 минг АҚШ доллар қийматида автомашина маҳсулотлари ишлаб чиқарганини билдирди. Бу эса¸ айтилишича¸ ўтган йилги кўрсаткичдан 9 фоиз кўп.

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги 7 ой ичида енгил автомобил ишлаб чиқариш 2 фоизга, автобуслар 17, юк автомобиллари ишлаб чиқариш эса 36 фоизга кўпайган.

Статистика қўмитаси расмийси шунингдек, тракторга тиркаладиган омочлар, уруғ қадаш ва култивация қиладиган техник воситалар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортганини билдирди.

Андижоннинг Асака шаҳридаги GM-Ўзбекистон автомобил заводи билан шартнома асосида автомобиллар учун эҳтиëт қисмлар ишлаб чиқарувчи кичик корхона раҳбари 32 яшар Абдулазиз кейинги 7 ой ичида ишлаб чиқариш ошганлигини тасдиқлади.

Озодлик билан суҳбатда Абдулазиз GM автомобилларини бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш юзасидан буюртмалар кейинги ойлар ичида анча кўпайганлигини таъкидлади.

Магазинда машина танқис


Айни пайтда Ўзбекистондаги автомобил салонларидан машина сотиб олиш мушкуллигича қолмоқда.

Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг бешта вилоятидаги автосалонлар билан боғланганида, улардан бирортасида ҳозир сотиб олиш мумкин бўлган автомобил йўқлигини ўрганди.

Тошкентдаги Роҳат автосалони вакили Озодлик билан суҳбатда "Ҳозир долларда ҳақ тўлаб икки ой кутсангиз, қора рангли Малибу автомобилини сотиб олишингиз мумкин", дея билдирди.

Суҳбат давомида мулозим автомобил саноатида ошиш бўлганини ҳеч бир тарзда сезмаганлигини таъкидлади.

Урганчдаги автомобил бозорининг Бобомурод исмли даллоли эса¸ ўтган йилга нисбатан бозорга тушаëтган янги GM машиналари камайганини айтди.

Автомобилларнинг кўп қисми экспортга кетмоқда


GM-Ўзбекистон 2012 йилнинг етти ойида автомобил экспортини ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўпайтирди.

Бу хабарни ҳам Озодлик радиосига Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси мулозими билдирди.

Манбага кўра, Ўзбекистондан экспорт қилинган машиналар сони йил бошидан бери 60 мингдан ошган.

Айтилишича, ўзбек автомашиналаринг 90 фоиздан ортиғи Россияга экспорт қилинган.

GM-Ўзбекистон 2012 йилда экспорт миқдорини ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширишни ва 110 минг автомобил экспорт қилишни режалаштирган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг Россия ва Қозоғистонда харидоргир экани айтилади.

Россияда жорий йилнинг биринчи чорагида 8441 дона Нексия сотилган.

2012 йилнинг дастлабки икки ойи ҳисоботига кўра, Қозоғистонда энг кўп сотилган автомобиллар рўйхатида Нексия бешинчи ўринни, Матиз эса еттинчи ўринни эгаллаган.

Бугунги кунда GM-Ўзбекистон Матиз, Спарк, Нексия, Ласетти, Каптива, Дамас ва Малибу автомобилларини ишлаб чиқармоқда.

Ўзбек автосаноати тарихи


1996 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан тенг шерикчилик асосида автомобил ишлаб чиқарадиган ЎзДэуАвто қўшма корхонасини таъсис этганди. Янги завод йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган.

2005 йилда Ўзбекистон Daewoo акцияларининг 50 фоизини сотиб олди ва корхона тўлалигича Ўзбекистон тасарруфига ўтди.

2007 йилда эса Ўзавтосаноат ва АҚШнинг General Motors ширкатлари ЎзДэуАвто ўрнида GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида шартнома имзолаган.

Статистика қўмитаси расмий сайтига кўра¸ GM мазкур қўшма корхонанинг 25 фоиз акциясига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG