Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Адлерда оммавий жанжал бўлмаган


Сочи Олимпиадаси иншоотлари қурилишида марказий-осиёлик минглаб муҳожирлар меҳнат қилади.
Сочи Олимпиадаси иншоотлари қурилишида марказий-осиёлик минглаб муҳожирлар меҳнат қилади.

14 август куни Сочининг Адлер туманидаги қурилишлардан бирида юккўтаргич кран остида қолиб, 18 ёшли Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди.

Сочидаги қурилишлардан бирида 18 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлиши натижасида ишчилар орасида оммавий жанжал чиқди.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идорасининг шахси сир қолишни истаган ходимига таяниб бу хабарни тарқатган “Интерфакс” ахборот агентлигига қўра, 14 август куни 150 га яқин ўзбекистонлик ишчилар миллати турк бўлган юккўтаргич кран ҳайдовчисини калтакламоқчи бўлган.

“Жанжал жойига етиб келган полиция ходимлари Туркия фуқаросини ўз ҳимоясига олган ва у вазият аниқлангунга қадар вақтинчалик ҳибсга олган”, дейилади агентлик хабарида.

Бироқ, ўзбек мардикорининг нобуд бўлиши юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Краснодар вилоят Тергов қўмитасида оммавий жанжал ва чиқишлар тўғрисидаги миш-мишлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлашди.

Россия Тергов қўмитасининг Краснодар вилояти бўйича бошқармаси расмийси адлия лейтенанти Наталья Смяцкая ҳодиса 14 август куни, кечки соат 18:00 ларда Сочининг Адлер тумани Имеретия водийсидаги қурилишлардан бирида содир бўлганини Озодликка гапиради.

- Ҳодиса жойига борган терговчимиз маълумотига кўра, оммавий ахборот воситаларида хабар қилинаётган, гўё нобуд бўлган Ўзбекистон фуқаросининг яқинлари, дўстлари туркларга қарши чиққани тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бизнинг терговчимиз борган маҳал у ерда ҳеч қандай жанжал ёки оммавий чиқишлар бўлмаганини тасдиқлайман. Шунчаки, кран остида қолган 18 яшар йигит ўлган жойда мардикорлар йиғилган, бироз бақир-чақир бўлган. Лекин туркларга таҳдид бўлгани, оммавий муштлашувлар бўлгани ёлғон, дейди Светлана Смяцкая.

Краснодар Тергов қўмитаси расмийсига кўра, терговнинг дастлабки тахминлари бўйича, қурилишда содир бўлган ҳалокатда хавсифзлик қоидаларига риоя қилмаган ўзбекистонлик йигитнинг ўзи айбдор бўлган.

- Воқеа бундай бўлган. Туркиялик ҳайдовчи фронтал юккўтаргич машинада техник зона бўйлаб орқага қараб юриб кетаётган бўлган. Фронтал юкловчи машина жуда катта – оғирлиги 6 тонна атрофида. У ишлаётган зонада мутлақо одам юриши тақиқланади. Гувоҳларнинг айтишича, бу йигитча орқалаб келаётган машинанинг орқасидан югуриб ўтмоқчи бўлган ва машина остида қолган. Ишчи ўша жойда ўлган. Бундай ҳалокат юзасидан қурилишдаги ҳужжатлар текшириляпти, тергов тугагани йўқ, деди Россия Тергов қўмитасининг Краснодар вилояти бўйича бошқармаси матбуот маркази раҳбари Наталья Смяцкая Озодликка.

Краснодар ўлкаси Федерал миграция хизматидан олинган маълумотга кўра, Сочидаги Олимпиада ўйинлари қурилиши объектларига жами 50 мингдан зиёд одам жалб қилинган. Улардан 4 минги ёки 8 фоизи – хориж фуқароларидир.

Кузатувчилар қишки Олимпиада ўйинлари учун қурилаётган саноқсиз спорт, сайёҳлик ва бошқа иншоотларида ишлаётган марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари сони бир неча баробар кўпроқ деган тахминларни беради.
XS
SM
MD
LG