Линклар

БМТ Суриядаги кузатув миссиясини тугатишга қарор қилди


БМТ кузатув миссияси Ҳомс шаҳрида, 3 май 2012 йил.

БМТ кузатув миссияси Ҳомс шаҳрида, 3 май 2012 йил.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши пайшанба куни Суриядаги кузатув миссиясини тугатишга, Дамашқдаги фуқаровий ваколатхонасини эса сақлаб қолишга қарор қилди.

Хавфсизлик Кенгаши раиси, Франциянинг БМТдаги элчиси Жерар Аруд мазкур қарор кенгашнинг пайшанба куни Сурия масаласи бўйича ўтказган йиғинидан сўнг қабул қилинганин билдирди.

- БМТнинг Суриядаги кузатув миссияси мандати 19 август куни ўз ниҳоясига етади. Мандат чўзилмаса, миссия тугайди. БМТнинг Суриядаги кузатув миссиясини якунлаш ишлари яқин кунларда бошланади, - деди кенгаш раиси Аруд.

Аруд якшанба куни тугаши кутилаётган миссияни узайтириш учун қўйилган талаблар бажарилмаганини таъкидлади. Элчига кўра, кўлами тобора кенгайиб бораётган нотинчликларни тўхтатишга ҳамда Сурия Президенти Башар ал-Ассадни оддий халққа нисбатан оғир ҳарбий техникани қўлламасликка кўнидиришга қаратилган ҳаракатлар ўз натижасини бермаяпти.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин пайшанба куни БМТнинг Ню Йоркдаги қароргоҳида журналистлар билан суҳбатда ташкилотнинг Суриядаги кузатув миссияси мандати тугаётгани юзасидан афсус билдирди.

- Биз БМТнинг Суриядаги кузатув миссияси мандати ниҳоясига етаётганидан афсусдамиз. Миссия мандатини узайтиришга қарши чиққан кенгаш аъзолари эса, бизнинг фикримизча, Сурияда давом этаётган адоватни тўхтатишга ва вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган интилишини кўрсата олишмади, - деди элчи Чуркин.

Қуролсиз ҳарбий кузатувчилардан тузилган миссия Дамашқни яқин кунларда тарк этиши кутилмоқда. Вазиятни кузатиб бориш масъулияти БМТнинг Суриядаги фуқаровий ваколатхонаси зиммасига ўтади.

Аввалроқ пайшанба куни Сурия давлат ОАВлари мамлакатни Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) сафидан чиқарилганини кескин қоралаб чиқиб, ташкилотни “ғарбий колониализм”га ён босганликда айблади.

57 мусулмон давлати аъзо бўлган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти 15 август куни Макка шаҳрида ўтган фавқулоддаги йиғинида Сурияни аъзоликдан маҳрум қилганди.

Бунга Сурияда 17 ойдан бери давом этаётган нотинчликларда Башар Ассаднинг исёнчилар ва оддий халққа нисбатан ўтказаётган зулми сабаб бўлгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG