Линклар

Иркутскдаги хусусий уйлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди, яна бир киши жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилди.

Россиянинг Иркутск шаҳрида рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари бир оила аъзолари бўлгани айтилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Иркустк вилояти бўйича бошқармаси ахборот маркази раҳбари Светлана Владимированинг Озодлик радиосига берган маълумотига кўра, ёнғин тўғрисидаги хабар ёнғинга қарши кураш бўлимига 17 августга ўтар кечаси соат 2:30 да келиб тушган.

- Биринчи бўлинма ҳодиса жойига етиб келганда уй тўла ўт ичида бўлгани аниқланган. Ёғочдан ясалган уй эса жуда эски, бинонинг ойиналари синдирилган бўлган, шунинг учун олов жуда тез тарқаб кетган. Бир аёл тирик қолди, уч эркак нобуд бўлди. Иркутскнинг "9-январ" кўчасидаги бу эски уйни оила аъзолари бундан 3 кун олдин – 13 августда ижарага олган экан. Оловни ўчиришда 3- ва 5- сонли ўт ўчириш қисмига қарашли учта автоцистернада келган 13 ходим иштирок этди, дейди Светлана Владимирова.

Ёниб кул бўлган уйнинг турли хоналарида топилган жасадларнинг ҳолатига қараб, мутахассислар ёнғин уй эгалари ухлаб ётганида содир бўлгани ва улар заҳарли тутундан ҳалок бўлганларини тахмин қилишмоқда.

Маҳаллий полициядан олинган маълумотларга кўра, ёнғин ичидан тирик чиққан аёл госпитализация қилинган, лекин зарурий муолажадан кейин яхши ҳолатда шифохонадан чиқиб кетган.

Аниқланишича, ёнғинда нобуд бўлганлардан икки нафари шу аёлнинг эри ва ўғли, ичкари хонада топилган яна бир мурда меҳмонга келган оила бошлиғининг таниши бўлган.

Полициячилар Иркутскга меҳнат қилгани келган оила Ўзбекистондан эканини маълум қилди.

Терговчилар ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тафтиш ишларини олиб бормоқда.

Бу сўнгги пайтларда меҳнат муҳожирларининг ёнғинда оммавий нобуд бўлиши ҳолатларининг биринчиси эмас.

Озодлик шу йилнинг 3 апрелида тонгги соат 5 ларда Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида 17 сурхондарёлик юк ташувчи йигитлар ҳалок бўлгани, Санкт-Петербург шаҳридаги коммунал квартиралардан бирида чиққан ёнғин оқибатида Ўзбекистон икки фуқароси ва Тожикистон фуқароси деб тахмин қилинаётган икки бола нобуд бўлгани, Нижний Новгород шаҳрининг Приокский туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида тўрт ўзбекистонлик ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик олдин ҳам хабар берган.
XS
SM
MD
LG