Линклар

Андижонда мактаб қурилишида кўзбўямачиликлар фош қилинди. Қашқадарёда қалбаки дориларга қарши кураш кучайтирилди. Тошкентда ўғлини калтаклаган ота жаримага тортилди. Жорий ҳафта шу каби хабарлар маҳаллий матбуот юзини кўрди.


Ҳар бир тадбиркордан 50 доллар “ўлпон”

“Фарғона савдо мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти раиси Нодиржон Маткаримов тадбиркордан 400 доллар пора олаётганда Миллий хавфсизлик ва прокуратура ходимлари томонидан қўлга туширилди (“Инсон ва қонун”, 14 август).

Фарғона вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси М.Умаровга кўра, ҳоким қарори билан мажмуа раҳбари этиб тайинланган Маткаримов иш бошлаганидан йигирма икки кун ўтмай жиноятга қўл урган. Бозорқўм мажмуадаги ҳар бир раста эгасидан ойига 50 доллардан “ўлпон” талаб қилган.

Қалбаки дори учун жарима

Қашқадарё вилоят Нишон туманида ҳуқуқ идоралари қалбаки дориларга қарши курашни кучайтирмоқда.

“Куч – адолатда” газетасига кўра, сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз дори сотгани учун Норали Минглиевга 1,2 миллион, Чори Юсуповга 1,8 миллион сўм жарима солинган.

Дорифурушлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-1-моддасига кўра жазоланган. Тафтишларда бир неча миллион сўмлик дори воситалари мусодара қилинган.

Мактаб қурилишида кўзбўямачилик

Андижон вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси жорий йилнинг ўтган даврида қурилишлар бўйича 400 дан ошиқ қонунбузарлик аниқлаган.

Инспекция бошлиғи Зуҳриддин Бурҳоновнинг “Адолат” газетасига маълум қилишича, қонунбузарликлар бўйича 29 та юридик шахс жаримага тортилган, ишни сифатсиз бажарган 21 та пудратчидан маблағ қайта ундириб олинган.

Бу ўринда гап Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қурилган 15 иншоот ҳақида бормоқда.

Шунингдек, Марҳамат туманидаги 35- ва 17-мактаблар қурилишида кўзбўямачиликлар фош қилинган. Булоқбоши, Хўжаобод ва Қорасувда ҳам таълим масканларини бунёд этишда талабга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланилган.

Дарсликлар нега қайта-қайта чоп этилади?

Ўзбекистонда деярли ҳар бир ўқув йилида мактаб дарсликлари қайта-қайта чоп этилиши кузатилади. Бу эса дасти калта ота-оналарда норозилик уйғотади.

Таҳлилчилар дарслик чоп этиш мутасаддилар чўнтагини қаппайтираётган жуда катта даромад манбаига айланганини айтиб келади.

“Даракчи” газетаси 16 август куни ушбу масалада материал эълон қилган. Халқ таълими вазирлиги Дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш бўлими қайта чоп этиш ортида катта маблағ тургани ҳақидаги тахминларга мутлақо зид версияни илгари сурган.

Вазирликка кўра, янги дарсликларни чоп этиш ҳукумат ва президент қарорлари асосида уларнинг мазмуни, дизайни ва полиграфик сифатини узлуксиз равишда такомиллаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Келтирилишича, 1991 йилдан 2011 йилга қадар мамлакатда 189,4 миллион дона дарслик нашр қилинган. Ўқувчиларнинг дарслик билан таъминланиш ҳолати 99,2 фоизга етган.

“Ўзбекистон хориждан дафтар сотиб олмайди”

Ўзбекистон янги ўқув йилидан хориждан дафтар сотиб олмайди. (“XXI аср”, 16 август). Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Рўзмат Сафоевга кўра, мамлакат учун ҳар йили ўртача 120-150 миллион дона дафтар керак бўлади.

2010 йилда мазкур эҳтиёжнинг бор-йўғи 5 миллиони маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қондирилган. 2011 йилда республика корхоналарида маҳсулот ҳажми 30 миллионга етказилган.

Агентлик расмийси янги ўқув йилидан дафтар экспорти тўхтатилишига ваъда берган. Айни пайтда, дафтар учун ишлатиладиган сифатли қоғоз 100 фоиз хориждан сотиб олинмоқда.

“Экологик ҳаракат қаерга қараяпти?”

Тошкент шаҳри Навоий кўчасида чинорлар кесилмоқда, Мирзо Улуғбек хиёбонидаги азим дарахтлар қулатилмоқда. Пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам мўйсафид дарахтларни хуфя кесиб кетиш кузатилмоқда (“Новый век”, 16 август). Газета парламентда 15 та ўринга эга Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаолиятидан қониқмайди.

“Ўзбекистонда бу масалага етарли эътибор берилмоқда. Давлат дастурлари амалга оширилмоқда, илмий мақолалар ёзилмоқда, диссертациялар ҳимоя қилинмоқда. Аммо алвон пештоқнинг ортига назар солсангиз, чинни каби нозик табиатимизни асраш йўлида дадил ҳаракатлар йўқлигига амин бўласиз” деб ҳисоблайди муаллиф Абу Али Ниязматов.

Боласини калтаклаган ота; ўғли билан судлашган она

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди вояга етмаган фарзандини калтаклаган Нурлан Серекбоевни Жиноят кодексининг 109- ва 112-моддаларида айбдор деб топди (“Адолат кўзгуси”, 16 август). Маҳкама Серекбоевга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима белгилаган.

Хивалик Раиса Габдураҳмонова оқибатсиз ўғли Шодлик билан ҳовли масаласида уч йил судлашиб, ниҳоят ғолиб чиқди (“Ҳуррият”, 15 август).

Қайд этилишича, хотинининг чизган чизиғидан чиқмай қолган ўғил маст ҳолда онаси ва опасига бир неча бор қўл кўтарган. Онаси яшаётган ҳовлини қонунга зид равишда ўз номига ўтказиб олган. Низоли ҳовли хатлаб берилгунча эса қария аёл кўп сарсонгарчиликлар кўрган.

“Уч йиллик оворагарчиликка чек қўйилди. Аммо шу вақт ичида 67 ёшли Раиса Габдураҳмонованинг эшикма-эшик адолат излаб, изтироб чекишига сабабчи бўлган қонун ҳимоячилари, мутасаддилар, қолаверса, нобакор ўғил бу воқеани қандай баҳолайди” деб ёзади “Ҳуррият” нашри.
XS
SM
MD
LG