Линклар

logo-print

Р. Блейк: Ташлаб кетиладиган ҳарбий ускуналар ҳақида қарор ҳали йўқ


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

16 август куни Тошкентда Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг 3-давраси ўтказилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган йиғинда АҚШ делегациясига давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк етакчилик қилди. Жума куни учрашув якунларига бағишланган пресс-брифингда Блейк АҚШ Ўзбекистон билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир, дея баён қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида бўлган учрашув ҳақида Тошкент расмийлари берган хабарномадан ўзбек делегациясига вазир Абдулазиз Комилов бошчилик қилдими, йўқми маълум эмас.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот хизмати вакили Лиза Гудгейм Америка делегациясига АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк етакчилик қилганини маълум қилди. Элчи Жорж Кролл ҳам иштирок этган йиғинда кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди, дейди у.

- Кеча кун давомида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама муносабатларга таалуқли барча масалалар қамраб олинди, жумладан, сиёсий, иқтисодий, илм-фан, атроф муҳит, хавфсизлик, ҳарбий соҳа ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш каби гумманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида гап борди, дейди АҚШ элчихонаси вакили.

Унинг айтишича, жума куни Роберт Блейк Тошкент учрашувлари якунларига бағишланган матбуот анжуманида журналистларнинг АҚШ Афғонистондан қўшинларни олиб чиққач, қурол-аслахаларни минтақа давлатларига ташлаб кетиш режаларига оид саволига жавоб берар экан бу ҳақда якуний қарор қабул қилинмаганини билдирган.

- Котиб ёрдамчиси Блейкка бу саволни кўп марта беришди ва унинг жавоби минтақа давлатларига қандай ҳарбий ускуналар берилиши юзасидан музокаралар энди бошланаётгани ҳақида бўлди. Шунинг учун ҳозирча қандай ускуналар, қандай қилиб тақсимланиши ҳақида тафсилотлар йўқ. Яъни бунга оид музокаралар энди бошланмоқда, дейди АҚШ элчихонаси расмийси.

Қўшма Штатлар ва НАТО Афғонистондан қўшинларини 2014 йилга қадар олиб чиқиш режаларини эълон қилгач, Марказий Осиё давлатлари орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғининг аҳамияти ошди. Бунга АҚШнинг Покистон ҳукумати билан келишмовчиликлари ҳам ҳисса қўшди. Ўтгани ойда Покистон ўз ҳудуди орқали транзитни очганига қарамасдан, Вашингтон Шимолий таъминот тармоғига қаратаётган эътибор кучлилигича қолмоқда.

Тошкентга 15 август куни АҚШ расмийлари ва йирик тадбиркорлардан иборат нуфузли делегацияни олиб келган Роберт Блейк жума куни АҚШ-Ўзбекистон бизнес-форумда ҳам иштирок этди.

- Бугун Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ҳомийлигида бизнес-форум ўтказилди. Унда давлат котиби ёрдамчиси ҳам қатнашиб, нутқ сўзлади, деди АҚШ элчихонаси вакили Лиза Гудгейм.

АҚШ-Ўзбекистон ўртасидаги йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ва Америкадаги йирик ширкатларининг 50 дан ортиқ раҳбарлари иштирокидаги форум Ўзбекистонда йирик хоржий инвестор - МТС ўз бизнесидан айрилган пайтга тўғри келди.

Ана шу муносабат билан АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси Ўзбекистон президентига мактуб йўллаб МТС билан боғлиқ вазият мамлакатда “хорижий инвестициялар муҳитига салбий таъсир” қилишидан огоҳлантирди.

Ислом Каримовга аталган мактуб нусхасини қўлга киритган Financial Times газетаси “Ню-Йорк биржасида рўхатга олинган телекоммуникацион ширкат Ўзбекистонда лицензиясидан маҳрум қилиниши ва беш нафар маҳаллий менежери қамоққа ташланиши ортидан АҚШ Ўзбекистонга нисбатан босимни кучайтирмоқда” дея ёзди пайшанба куни.

МТС ширкати билан боғлиқ можаро бу мамлакатда ишлаган ғарб ширкатлари, жумладан, Лондонда жойлашган Oxus Gold, АҚШнинг Newmont Mining, ҳозирда PepsiCo ширкатига қарашли Россиянинг Wimm-Bill-Dann компаниялари дуч келган муаммоларнинг айнидир, дея эслатади Financial Times.

МТС асосан Россия ва МДҲда фаолият қилса-да, ширкатнинг эркин савдодаги 47 фоиз акцияларининг учдан бир қисмидан кўпроғи АҚШдаги жамғармалар, хусусан, Lazard Asset Management ва Blackrock ширкатларига қарашлидир. Ширкатнинг бозор капитализацияси (эркин савдодаги акциялари нархи-таҳр.) 19 миллиард АҚШ долларига тенгдир.

АҚШ элчихонаси вакилига кўра, давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Ўзбекистонга сафари жума куни ўз ниҳоясига етиб, у АҚШга жўнаб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG