Линклар

Ўзбекистонда бир қанча хорижий ширкат ва сармоядорлар муаммога дуч келаётган бир пайтда АҚШнинг Honeywell компанияси Бухорода табиий газдан енгил олефин (этилен ва пропилен) ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда 17 август куни Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-америка бизнес-форумида маълум қилинди.

Қиймати 1,27 миллиард АҚШ долларини ташкил қилувчи мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичини жорий йил охиригача амалга ошириш кўзланган.

Лойиҳага кўра, Бухорода йилига 500 минг тонна метанол ишлаб чиқариш ва ундан 190 тонна этилен ва пропилен олиш режалаштирилган.

Озодлик манбасига кўра, мазкур лойиҳага ўтган йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан Honeywell ширкати раҳбари Дэвид Коутнинг Тошкентдаги учрашуви пайти асос солинган.

Қарийб 130 йиллик тарихга эга Honeywell корпорацияси, аэрокосмик, маъмурий, саноат ва турар жой биноларини бошқариш соҳаларидаги технологияларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва дунёдаги етакчи ширкатлар юзталигига киради.

Шунингдек, Тошкентда ўтган ўзбек-америка бизнес-форумида АҚШнинг бошқа бир қанча ширкатлари ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани хабар қилинди.

Жумладан, АҚШнинг NUKEM Inc. ширкати Ўзбекистоннинг давлатга қарашли Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан уран сотиб олишга оид янги келишув имзолаган.

Америка ширкатларининг бу лойиҳалари Ўзбекистонда қатор хорижий ширкат ва сармоядорлар қийинчиликларга дуч келган пайтга тўғри келмоқда.

Йирик хорижий инвестор - МТС Ўзбекистонда ўз бизнесидан айрилганидан сўнг Россия ширкатлари Ўзбекистонга нисбатан мораторий жорий қилишга чақирмоқда.

Жумладан, Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА) ва Жамоатчилик алоқалари бўйича Россия ассоциацияси (РАСО) Ўзбекистонга сармоя киритмасликка чақирди.

АҚШ суди томонидан Ўзбекистон каби давлатлар билан шартнома тузиш учун пора берганликда айбланган Германиянинг “Daimler AG” ширкати эса Тошкентда Mercedes-Benz автобуслари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очиш режасидан воз кечганини эълон қилди.

Лондонда жойлашган Oxus Gold, АҚШнинг Newmont Mining, ҳозирда PepsiCo ширкатига қарашли Россиянинг Wimm-Bill-Dann компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритиб, қатор муаммоларга дуч келган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Туркияга қарашли “Turkuaz”, Швециянинг “Oriflame”, Американинг “Mary Kay”, Бирлашган Араб Амирликларига тегишли “Comfort Elite” каби ширкатлар ёпилиб, уларнинг ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG