Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:10

АҚШ “Hummer”лари Ўзбекистонга берилади


АҚШнинг Афғонистондаги "Hummer" ҳарбий автомобили.
АҚШнинг Афғонистондаги "Hummer" ҳарбий автомобили.

АҚШ Афғонистондаги ҳарбий техникаларидан, асосан, “Hummer” автомобилларини Ўзбекистонга ташлаб кетиши мумкин.

Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Олмаотадаги брифингда маълум қилган.

CA-news ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Блейк брифингда Ўзбекистонга таклиф қилинаётган ҳарбий техникалар, асосан, турли хил автомобиллар, “Hummer”лар ва бошқа шунга ўхшаш воситаларни ташкил этишини билдирган.

“Ўзбекистон “Шимолий таъминот тармоғи”нинг асосий тарафдорларидан. Шунинг учун ҳам қасос олиш мақсадида турли хил халқаро террорчи ташкилотлар Ўзбекистонга қарши ҳужумлар уюштириши мумкин”лигини айтган Роберт Блейк “Ўзбекистоннинг шу каби ҳужумлардан ҳимояланишида кўмак кўрсатишдан Америка жуда ҳам манфаатдор” эканлигини таъкидлаган.

Блейк “Ортиқча мудофаа маҳсулотлари” дастури бўйича АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий техникаларини тақсимлаш жараёни энди бошланаётгани ва техникалар Ўзбекистондан ташқари “Шимолий таъминот тармоғи”га алоқадор бошқа давлатларга ҳам тарқатилишини айтган.

16 август куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Америка сиёсий маслаҳатлашувларидан сўнг Роберт Блейк "АҚШ Ўзбекистон билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир", дея баён қилди.

Қўшма Штатлар ва НАТО Афғонистондан қўшинларини 2014 йилга қадар олиб чиқиш режаларини эълон қилгач, Марказий Осиё давлатлари орқали ўтадиган "Шимолий таъминот тармоғи" аҳамияти ошди.

Бунга АҚШнинг Покистон ҳукумати билан келишмовчиликлари ҳам ҳисса қўшди.

Ўтган ойда Покистон ўз ҳудуди орқали транзитни очганига қарамасдан, Вашингтон "Шимолий таъминот тармоғи"га қаратаётган эътибори кучлилигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG