Линклар

Жазоирлик Лахдар Браҳими Кофи Аннан ўрнига БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили этиб тайинланди.

Жазоирлик дипломат Лахдар Браҳими Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Суриядаги махсус вакили этиб тайинланди.

Бу ҳақда 17 август куни БМТ бош котиби Бан Ки Мун эълон қилди.

Браҳими бунгача бу вазифани бажариб келган Кофи Аннан ўрнини эгаллайди.

Маълумки, Аннан тўрт ой мобайнида Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича олиб борган уринишлари самара бермаганидан сўнг ўз вазифасидан истеъфога кетишини маълум қилди.

Кофи Аннаннинг вазифаси 31 август куни ниҳоясига етади.

Браҳими Жазоир Ташқи ишлар вазирлигини 1991 йилдан 1993 йилгача бошқарган. Кейинчалик БМТнинг Ироқ, Афғонистон, Ҳаити ва Жанубий Африкадаги махсус вакили лавозимларида фаолият кўрсатган.

АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа қатор Ғарб давлатлари Браҳими номзодини маъқуллашди.

АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтон Браҳимини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.

Клинтон Сурия халқига мурожаат қилиб, “улар ёлғиз эмас”лиги айтиб, халқаро жамоатчилик сурияликларнинг ўз мамлакатида сиёсий ислоҳатлар ўтказиши ва ҳозирда давом этаётган зўравонликларнинг жавобгарлари суд олдида жавоб бериши йўлида барча имкониятларни ишга солишини айтди.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда расмий Пекин Суриядаги можароларни сиёсий йўл билан ҳал қилиш борасида Браҳимини қувватлашини маълум қилди.

Россия ҳам Браҳими номзодини қўллади. Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Sky News га берган интервьюсида Сурия бўйлаб парвозсиз ҳудуд ташкил қилиш ҳақидаги чақириқларни қоралади.

- Мен АҚШ ҳарбий вакилларининг ҳавфсизлик ҳудуди концепцияси- парвозсиз ҳудуд концепцияси ҳақидаги фикрларини эшитдим. Бу биринчи марта тилга олинмаяти. Агар Сурия давлатида бу ҳудудлар йўлга қўйилса, бу Сурия мустақиллигига дахл қилиш бўлади ва бу БМТ низомига ҳилоф бўлади, деди Сергей Лавров.

18 август куни Сурия ҳукумат кучлари бир қанча шаҳарларда исёнчиларни ҳаводан ўққа тутди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари хабар қилишича, Алеппо (Ҳалаб) шаҳри ва унинг атрофида Ассад тарафдорлари ва исёнчилари ўртасида жанглар давом этмоқда.

Шунингдек, ҳукумат кучлари Ҳомс ва Ҳерак шаҳарларида мухолифатчиларни ўққа тутгани хабар қилинди.

Хабарларга кўра, 17 август куни Суриядаги зўравонликлар оқибатида 129 киши ҳалок бўлган.

БМТ маълумотига кўра, суриялик қочқинлар сони 170 мингдан ошди. Уларнинг аксарияти Туркияга қочиб ўтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG