Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони “Бунёдкор” футбол жамоаси футболчилари клуб вице-президенти – бош директори Баҳромжон Давлатовни товламачиликда айблаяпти.

17 август куни клубнинг 13 нафар асосий таркиб футболчилари Ўзбекистон футбол федерациясига ташриф буюриб, ташкилот вице-президенти Сардор Раҳматуллаев билан учрашишган. Бу ҳақдаги хабар muloqot.uz сайтида пайдо бўлди.

Мазкур сайтда келтирилишича, Баҳром Давлатов футболчилар билан шартнома имзолашда уларнинг манфаатларига зид ҳакаратларни амалга оширган.
Ўз пулларини вақтида ололмаётган футболчилар Ўзбекистон футбол федерациясига даъво билан келишган.

Федерацияга келган асосий таркиб футболчилари орасида Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедовлар бўлмаган. Мазкур футболчилар ўша куни Миржалол Қосимов бошчилигида Иорданиядан қайтиб келаётган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Озодлик билан суҳбатда бўлган “Бунёдкор” клуби расмийсига кўра, ҳақиқатан ҳам жума куни клубнинг асосий таркиб ўйинчилари Ўзбекистон футбол федерациясига боришгани ва вице-президент Сардор Рахматуллаев қабулида бўлишганини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашича, футболчилар анча вақтдан бери маошларини ололмай келаётгани боис федерацияга мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

Суҳбатдош яқин кунларда “Бунёдкор”ни муҳим ўйинлар кутиб тургани ва айнан шу ўйинлар арафасида футболчилар қолиб кетган пулларини шу йўл билан олмоқчи бўлганларини таъкидлади.

“Бунёдкор” расмийсига кўра, Баҳром Давлатов футболчилар билан уларнинг манфаатларига зид бўлган ҳеч қандай ноқунуний хатти-ҳаракатларни амалга оширмаган.

Мазкур ҳолат бўйича сўзлаган ўзбек футболига оид воқеаларни ёритиб борувчи журналист “Бунёдкор” футбол клуби ҳақиқатан ҳам инқирозга юз тутаётган бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди. Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган ўзбекистонлик бу журналист фикрича, Баҳром Давлатов айни пайтда Олий лигадаги “Насаф” ва “Машъал”, шунингдек, Биринчи лигадаги “Янгиер” жамоаларининг акцияларига хўжайинлик қилади.

Айни пайтда мазкур жамоалар ичида “Машъал” клуби инқирозда бўлиб, клуб ўз фаолиятини тўхтатиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунингдек, “Насаф” жамоасида ҳам уч ойдан бери футболчиларга маош берилмагани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG