Линклар

Бугун дунё мусулмонлари Ийдул-Фитрни нишонламоқда. Байрам муносабати билан эрталаб Ўзбекистон жомеъларида ҳам мусулмонлар жамоат бўлиб Ҳайит намозини адо этдилар.

19 август эрта тонгда Ўзбекистоннинг бош жоме масжиди Ҳастимомда Ийдул-Фитр – Рамазон ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов издиҳомга ваъз-насиҳат қилди.

Бир неча минг кишидан иборат жамоат ибодатни ийдгоҳнинг ғишт тўшалган саҳнида адо этди.

Қишлоқ ва овулларда Рамазон ҳайити намози ўқишга рухсат берилмади


Озодликнинг Ўзбекистондаги манбаларига кўра, 19 август тонгида Ўзбекистоннинг узоқ қишлоқ ва овуллари, жомеъ бўлмаган масжидларида Ҳайит намозини ўқишга рухсат берилмаган.

Расмийлар бу ҳолни қишлоқ жойларида оммавий ибодат ўтказилувчи масжид ва хонақоҳларнинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтмагани билан изоҳлашган.

Туман марказлари ва йирик шаҳарлардаги жомеларда ўқилган Ҳайит намози олдидан қилинган маъвизаларда эса Ўзбекистонда диний қадриятларга кенг эркинликлар берилаётгани, ҳукуматнинг одиллиги ва юрт фаровонлигига урғу берилди. Имомлар дуога қўл очиб, юрт маъмурлари, тинчлик ва осойишталик посбонларини дуо қилишди.

- Ҳолбуки, ўтган йилларда жомеъ масжидларидан узоқ масканларда кишилар ўзаро йиғилишиб, Ҳайит намозларини адо этишган. Ҳатто хусусий хонадонлар, муассаса ва қир-адирларда ҳам Ҳайит ибодатлари бажарилганига гувоҳ бўлганмиз. Авваллари бирмунча эркинлик бор эди, - дейди Қашқадарё вилояти Нишон туманида истиқомат қилувчи Неъматхон эшон.

Айни пайтда маҳаллий оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг барча гўшаларида Ҳайит намозларини адо этишга рухсат берилганини иддао қилмоқда.

Сурхондарё вилояти Музработ тумани Қўнғирот фуқаролар йиғинида яшовчи мулла Мамаражабга кўра, бу йилги Ҳайит ибодатлари чоғида қишлоқ ва овул имомларига туман ҳудудларидан чиқмаслик, аҳолига Ҳайит ибодатларининг фарз эмаслигини тушунтириш буюрилган. Уларга намоз ўқишдан кўра ёши улуғлар, қариндош-уруғлар ва хасталарни зиёрат қилиш савобли эканини таъкидлаш урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон турли халқаро ташкилотлар, хусусан, АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича ҳисоботларида эътиқод эркинлиги топталаётган мамлакатлар қаторига киритилиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG