Линклар

logo-print

21 йил аввал Москвада ўзини Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси, яъни ГКЧП деб эълон қилган бир гуруҳ совет амалдорлари давлат тўнтаришини амалга оширишга уриндилар. Аммо бу уриниш хунтачилар учун муваффақиятсиз якунланди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари боши. Бу пайтга келиб Совет Иттифоқида Марказга қарши норозиликлар кучайган ва айни пайтда Кремлдагилар СССРни қандай қилиб бўлмасин қутқариб қолиш чорасини излай бошлаган эдилар.

Ниҳоят, 1991 йилнинг мартига келиб Кремл Иттифоқ тақдирини белгиловчи лойиҳани ишлаб чиқди ва шунга асосан бутун мамлакат буйлаб референдум ўтказилди.

Ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада Иттифоқ таркибига кирувчи республикаларга кўпроқ эркинлик бериш, уларга иқтисодий жиҳатдан ўзини-ўзи идора қилиш ҳамда бошқа давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатиш, халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган эди.

Шунингдек, давлатнинг янги номидан Социалистик ва Совет сўзлари олиб ташланиши кўзда тутилганди.

Ўша пайтда СССРнинг 15 та республикасидан олтитаси ушбу лойиҳа бўйича референдум ўтказилишига қарши чиққанини ҳам эслаш жоиз. Тиниб-тинчимаган Горбачев эса Иттифоқ лойиҳаси устида ишлашда давом этарди.

Август ойининг бошларида президент маслаҳатчиси Александр Яковлев Горбачевни унга қарши давлат тўнтариши тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантиради.
Ундан олдинроқ эса АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жорж Буш ҳам телефон орқали Горбачевни бу борада огоҳлантириб, Вашингтон бундан жиддий хавотирда эканини билдирган. Бу воқеани собиқ СССР президенти Горбачев шундай
хотирлайди:

- Ўша пайтда Буш телефон килганди. Мен эса унга: "Жорж, хотиржам ухлайверишингиз мумкин. Ҳеч нарса бўлаётгани йўқ", дегандим, - дейди Горбачев.

4 август куни Михаил Горбачев ўз оиласи билан бирга Иттифоқ тўғрисидаги янги битим лойиҳаси устидаги ишни тугатиш мақсадида Қримга дам олишга жўнайди.
Кўп ўтмай, аниқроғи 18 август куни соат кундузги бешлар атрофида Горбачевнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси, Политбюро аъзоси Олег Шенин ва бошқа ҳукумат расмийлари президент дачасига ташриф буюрадилар. Улар Горбачевдан зудлик билан мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилиш тўғрисидаги буйруққа имзо чекишни ёки истеъфо беришни талаб қилишади.

Горбачев таклифларнинг унисига ҳам, бунисига ҳам рози бўлмайди. Шундан сўнг расмийлар Совет Иттифоқининг ядро қуролларига тегишли кодларни, яъни ядро қутичасини конфискация қилишади.

Михаил Горбачев Форосдаги дачада ташқи дунёдан узиб қўйилади. Москвага қўшин киритилади. Кўп ўтмай давлат тўнтариши эълон қилинади.

Ўша пайтдаги ТАСС ахборот агентлиги Горбачев соғлиги ёмонлашгани боис бундан буён ўз вазифасини бажара олмаслигини хабар қилади.

Президентлик ваколати вақтинча вице-президент Геннадий Янаев зиммасига юклатилади ва саккиз кишидан иборат Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси, яъни ГКЧП тузилади.

Унинг таркибига, жумладан, Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) бошлиғи Владимир Крючков, Бош вазир Валентин Павлов, Мудофаа вазири Дмитрий Язов, Ички ишлар вазири Пуго ҳамда Янаевнинг бошқа тарафдорлари кирганди.

Саккиз кишидан иборат хунта телевизор экранларида пайдо бўлади. Янаев бироз асабийлашган, Унинг қўллари титрарди. Сўнгра Хунта бошлиғи Янаев Горбачевнинг бетоблиги туфайли ўз вазифасини бажара олмаслигини ва эндиликда унинг ўзи мамлакатни амалдаги президент сифатида бошқаражагини эълон қилади.

Телевизор орқали чиқиш қилар экан, Янаев ГКЧПнинг Горбачев бошлаган сиёсатни давом эттиришига ваъда беради. Шунингдек, у СССРнинг тарқаб кетишига бундан буён йўл қўйилмаслигига ишора қилади.

- Миллатлараро келишмовчиликлар туфайли СССРнинг кўплаб минтақаларида қон тўкилмоқда. СССРнинг тарқаб кетиши ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам ташқарисида ёмон оқибатларни юзага чиқариши мумкин, - дейди у.

Эртаси куни эрталаб ўша пайтдаги Россия президенти Борис Елцин ва бошқа кўзга кўринган рус сиёсатчилари хунтага қарши чиқиб, ГКЧПнинг мавжуд Конституцияга мутлақо зид эканини баён қилишади ва норозилик билдирилган махсус баёнот билан чиқишади.

Елцин, Россия Бош вазири Иван Силаев ва Олий Кенгаш раиси Руслан Хасбулатовлар томонидан ёйинланган қўшма баёнотда хунта аъзоларининг аксилконституциявий хатти-ҳаракатлари фош этилади.

Мамлакатда хунтага карши норозилик авж олиб кетади. Демократия тарафдорлари Россиянинг илк президенти Борис Елцин қароргоҳи - Оқ Уй атрофида баррикадалар қуришади.

Елцин матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, ГКЧП фармойишлари Россия ичкарисида қабул қилинмаяжагини эълон килади.

Бу пайтга келиб хунтага қарши чиққан намойишчилардан иборат оломон Кремл ёнидаги Манеж майдонида йиғилиб бўлган эди. Бу эса ГКЧПнинг куни битганини англатарди. Аммо у ерда йиғилган оломон Горбачевни эмас, Елцинни олқишларди. Бу эса Елцин ва унинг сафдошлари учун ҳокимиятни қўлга олиш фурсати етганидан далолат эди.

Уч кунлик кураш ГКЧП мағлубияти билан якун топади. Путч мағлубияти СССРнинг йиқилиш жараëнини тезлаштирди.

Орадан ўн кун ўтиб Ўзкомпартия бош котиби Ислом Каримов ҳам Ўзбекистонни мустақил деб эълон қилишга мажбур бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG