Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Қишлоқ ва овулларда Рамазон ҳайити намозига рухсат берилмади


Расмийлар бу ҳолни қишлоқ жойларида оммавий ибодат ўтказилувчи масжид ва хонақоҳларнинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтмагани билан изоҳлашган.

Аксинча, ҳайит намозлари туман марказлари ва йирик шаҳарлардаги жомъеларда ўқилди.

Ҳайит намози олдидан Ўзбекистонда диний қадриятларга кенг эркинликлар берилаётгани, ҳукуматнинг одиллиги ва юрт фаровонлигига урғу берилди.

Имомлар дуога қўл очиб, юрт маъмурлари, тинчлик ва осойишталик посбонларини дуо қилишди.

“Ҳолбуки, ўтган йилларда жомъе масжидларидан узоқ масканларда кишилар ўзаро йиғилишиб, ҳайит намозларини адо этишган. Ҳатто хусусий хонадонлар, муассаса ва қир-адирларда ҳам ҳайит ибодатлари бажарилганига гувоҳ бўлганмиз. Авваллари бирмунча эркинлик бор эди” дейди Қашқадарё вилояти Нишон туманида истиқомат қилувчи Неъматхон эшон.

Бироқ маҳаллий оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг барча гўшаларида ҳайит намозларини адо этишга рухсат берилганини иддао қилмоқда.

Сурхондарё вилояти Музработ тумани Қўнғирот фуқаролар йиғинида яшовчи мулла Мамаражабга кўра, бу йилги ҳайит ибодатлари чоғида қишлоқ ва овул имомларига туман ҳудудларидан чиқмаслик, аҳолига ҳайит ибодатларининг фарз эмаслигини тушунтириш буюрилган.

Аксинча, намоздан кўра ёши улуғлар, қариндош-уруғлар ва хасталарни зиёрат қилиш савобли эканини таъкидлаш урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон турли халқаро ташкилотлар, хусусан, АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича ҳисоботларида эътиқод эркинлиги топталаётган мамлакатлар қаторига киритилиб келинади.
XS
SM
MD
LG