Линклар

logo-print

Бирмада ахборот воситалари устидан цензура расман бекор қилинди. Бу ҳақда душанба куни мамлакат ахборот вазирлиги маълум қилди.

Бирма Матбуотни назорат қилиш ва журналистларни рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Тин Свэ душанба куни мамлакатда ишловчи журналистларга бундан буён ўз мақолаларини нашр қилишдан олдин цензура бошқармасига олиб келишлари шарт эмаслигини маълум қилди.

Бундай тартиб Бирмада 1964 йилдан буён амалда бўлиб келаётган ва шу йўл билан мамлакатдаги ҳарбий режим матбуот устидан кучли назорат ўрнатиб олган эди.

"1964 йил 6 август кунидан амалда бўлиб келган цензура 48 йил ва икки ҳафта ўтиб бекор бўлди", – деди Бирма матбуотни назорат қилиш ва журналистларни рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Тин Свэ.

2011 йилда Бирмада ҳокимият фуқаролар қўлига ўтганидан сўнг ҳарбий режим давридаги чекловлар босқичма-босқич бекор қилина бошланди.

Ўтган бир йил мобайнида матбуотдаги чекловлар нисбатан юмшатилди, касаба уюшмалари фаолиятига рухсат берилди, сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилди ва ҳукумат мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чи билан музокараларга киришди.

Бирмалик журналистлар шу пайтгача ижтимоий-сиёсий мавзуларда мақола ёзиш имконига эга эмас эдилар.

1988 йилдан 2011 йилгача Бирмани бошқарган ҳарбий режим журналистларнинг бу мавзуларда ёзишлари тақиқлаб қўйиганди.

Ўтган йилдан бошлаб чекловлар юмшатила бошланди. Дастлаб 300та газета ва журнал мухбирларига ҳукумат тасдиғидан ўтказмай туриб мақола ёзишларига руҳсат берилди.

Эндиликда барча оммавий ахборот воситалари бундай икмонга эга бўлди.

Ўзбекистон сафдошлари биттага камайди

Матбуот эркинлиги бўйича халқаро ташкилотлар ҳисоботларида яқин-яқинларгача Ўзбекистон Бирма, Эритрия, Шимолий Корея каби давлатлар билан бир қаторда сўз эркинлиги энг ёмон бўлган давлат сифатида тилга олиб келинган.

Эндиликда Ўзбекистон қаторида тилга олинадиган "матбуот душманлари" сони биттага камайди.

Ўтган йил сентябр ойида Бирмада 30мингта веб-сайтга ўрнатилган тўсиқ олиб ташланди. Бирмалик Интернет фойбаланувчилари сиёсий ахборот нашрларига тўсиқларсиз кира оладиган бўлишди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Бирмадаги бу ўзгаришларни олқишлаган.

Ўзбекистонда эса Интернет устидан назорат “араб инқилоблари” ортидан янада кучайди.

Ўзбекистонда цензура расман тугатилган эса-да ҳар бир бош муҳаррир ўз вазифасини йўқотиб қўйишидан чўчиган ҳолда ўзи цензорга айлангани айтилади.

- Ўзбекистонда Эркин Комилов бошчилигидаги цензура идораси тугатилди, лекин бугун ҳар бир бош муҳаррир цензорга айланган, - дейди ҳукумат газеталаридан бирида ишлайдиган ва ўз исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик журналистлардан бири.

Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг “Матбуот эркинлиги” бўйича 2012 йилги ҳисоботига илова қилинган рўйхатдаги 197 малакат орасида Ўзбекистон яна 195 ўринни эгаллади.

Тадқиқот муаллифлари фикрича, Ўзбекистонда матбуот мутлақо эркин эмас ва рейтинг остидаги бу мамлакатдан кейин Туркманистон ва Шимолий Кореягина қўйилган.
XS
SM
MD
LG