Линклар

Гулнора Каримова танқидларга жавоб берди


Гулнора Каримова (Googoosha) иддаосича, Бухорода клип олиш жараёнида "эски шаҳар" қамал қилинмаган.

Гулнора Каримова (Googoosha) иддаосича, Бухорода клип олиш жараёнида "эски шаҳар" қамал қилинмаган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова жума куни “Келажак овози-2012” медиа-лагерининг ёпилиш маросимида ўзи ҳақида айрим оммавий ахборот воситалари, хусусан, Озодликда чоп қилинган материалларга жавоб қилди.

Гулнора Каримованинг мазкур анжуманда сўзлаган сўзлари стенограммаси бир қанча сайтлар, жумладан, Узметроном сайтида келтирилган.

Бунга талантли кишиларгина лойиқ

Ўтган йилнинг сентябрида Ню Йоркда Mersedes-benz ширкати ҳомийлигида ўтказилган Мода ҳафталиги доирасида ўтиши режаланган Guli брэнди либослари кўргазмаси, унинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ўзбек мухолифати томонидан пикет қилиниши ҳақида гапирган Гулнора Каримова буни ўзига қарши “пухта ўйланган”, муайян мақсадга эга “пули тўланган кампания” деб атаган. (Ўшанда Гулнора Каримова модалар ҳафталигидан четлатилиб, ўз кўргазмасини бошқа жойда ўтказишга мажбур бўлган эди) Каримованинг айтишича, либослар кўргазмасига қарши пикетлар ҳақда судлашиб ўтиришнинг ҳам фойдаси йўқ бўлган бир “сариқ газета” ёзган, қолган ахборот воситалари буни илиб олиб, кўпиртириб ёзганлар.

Ню Йоркдаги пикет ҳақида ўз вақтида Озодлик ҳам ёзганди. Бироқ таҳририят бу ҳақдаги материални тайёрлаш жараёнида, Гулнора Каримова таъбири билан айтганда, матрёшкадан фойдаланмаган, яъни ҳеч қандай “сариқ газета”даги хабарни асос қилиб олмаган. Билъакс бирламчи манба - ўша пикетда иштирок этган шахслар, хусусан, Исломиддин Долимов гувоҳлигига таянган ҳолда хабар қилганди.

Бу мавзуда ўз сўзини давом эттирган Гулнора Каримова кўргазма ташкилотчиси бўлган ва Guli либослари намойишига қарши 300-400 электрон мактуб олган IMG “хавфсизликни таъминлаш муаммоси” важидан намойишни бошқа жойга кўчирганини билдиради. Washington Post, New York Times, Forbes, The Guardian, Huffington Post каби жиддий нашрлардан тортиб мода янгиликларини ëритадиган “ялтироқ” сайтларга қадар ёзган бу воқеани Озодлик радиоси ҳам ёритганди.

Мавзу хулосасида асосан Ўзбекистондаги болаларнинг пахта далаларида эксплуатация қилинишига қарши ўтказилган мазкур пикет ҳақида ёзмиш нашрлардан норози бўлган Каримова уларнинг айнан шу шаҳарда америкалик ёшлар Guli либослари кўргазмасини қўллаб ўтказган пикети хусусида ёзмаганидан ҳайронлик изҳор қилади.

Гулнора Каримова бундай "пухта ўйланган" кампаниялар одатда талантли кишиларга қарши уюштирилиши ва шундай экан бундан хурсанд бўлганини хулоса қилди.

Клип олиш машаққати

Бухорода олинган Round Run клипининг съёмкаси ҳақида гапирган Гулнора Каримова тасвирга олиш жараёнида унинг эски шаҳар қисми ёпиб қўйилганига оид гувоҳликларни, клип олиш жараёнига оид тафсилотлар билан шаҳар қисман ёпилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, клип олинган жойларда кишилар кадрга тушиб қолмаслиги учун улардан четланиб туриш илтимос қилинган, холос. Тасвирга олиш жараёни ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашган Гугуша у ерда кондиционер бўлмаган, клипни 46 даражали жазирамада олишга мажбур бўлишганидан шикоят қилади. Озодлик радиоси ўз вақтида бу воқеани ҳам ёритган ва бу ҳақда лавҳа тайёрлашда воқеага бевосита гувоҳ бўлган манбаларга таянганди.

Айни пайтда жума кунги анжуманда сўзлаган Гулнора Каримова қўшиқчилик билан профессионал даражада шуғулланмоқчи эмаслигини ҳам урғулади.

"Қачондир қўшиқ айтиш билан жиддий шуғулланаман, деб ўйламайман, чунки ҳар бир одам ўз иши билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайман. Буни профессионал ижрочи мендан кўра яхшироқ уддалайди. Мен бировнинг жойини эгаллаб олмоқчи эмасман",- дея иқтибос келтиради Гулнора Каримова сўзларидан Узметроном сайти.

Googoosha тахаллуси билан қўшиқлар ижро этиб келаётган Гулнора Каримова ўз ҳавасини “ижодкор одам сифатида” баъзан куйлаганини томошабин эътиборига ҳавола қилиш истаги билан изоҳлайди.

"Ҳеч ким мажбурлангани йўқ"

1000 та никоҳ ва 1000 та суннат тўйи тадбири ҳақида гапирган Каримова бу кўпчилик билан амалга оширилган ҳашар тадбир бўлгани, унга тадбиркорлар ихтиёрий равишда ҳисса қўшганини ҳамда бунинг учун ҳеч кимдан мажбурлаб пул йиғилмагани урғулаган. Аввалроқ Гулнора Каримова жамғармаси аралашган бу тўйлар учун тадбиркорлардан мажбурий пул ундирилаётгани ва ҳатто қариялар нафақасиз қолаётгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлган, бу ҳақда Озодлик ҳам материал тайёрлаганди.

Бундан буёнги профессионал фаолияти ҳақида 17 август кунги тадбирда сўзлаган Гулнора Каримова касби дипломатия соҳаси билан боғлиқ эканини эслатган, бироқ келажак режалари ҳақида айтиш қийинлигини эътироф этган ва бу борадаги изоҳини “Ҳаммаси Худодан” дея якунлаган.

Аснода кейинги пайтларда Гулнора Каримованинг ҳам алоқаси борлиги зикр этилган Швейцариянинг Lombard Odier банки ҳамда МТС-Ўзбекистон атрофидаги жанжалларни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи изоҳламасликни маъқул топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG