Линклар

logo-print

Anonymus хакерлари "Хамсуд" сайтига ҳужум қилди


Хакерлар "Хамсуд" сайтида худога шак келтирувчи шарҳлар ва болгариялик бесоқолбоз қўшиқчи Азис ижросидаги "Mrazish" қўшиғини ҳам эълон қилди.

Хакерлар "Хамсуд" сайтида худога шак келтирувчи шарҳлар ва болгариялик бесоқолбоз қўшиқчи Азис ижросидаги "Mrazish" қўшиғини ҳам эълон қилди.

21 август куни эрталаб Москва шаҳар Хамовники туман суди расмий сайти номаълум хакерлар ҳужумига учради. Хамовники суди ўтган жума куни Pussy Riot панк-гуруҳи аҳзоларини Исо Масиҳ ибодатхонасида безорилик қилганликда айблаб, икки йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ўзларини Anonymus гуруҳи деб атаётган хакерлар сайт ташқи кўринишини ўзгартирмасдан, Хамовники туман судида ўтган жума куни икки йилга қамоққа ҳукм қилинган Pussy Riot гуруҳи иштирокчилари ҳимоясига ва амалдаги ҳокимиятга қарши шиорларни жойлаштирди.

ЮКОС ишини ҳам кўриб чиққани билан танилган ва мухолифат орасида "Хамсуд" деб юритиладиган Хамовники туман суди сайтининг бош саҳифасида хакерлар қуйидаги ёзувни қолдирди:

“Путин бошлиқ ўғрилар тўдаси мамлакатимизни талон-тарож қилмоқда! Дўстлар уйғонинг!”.

Хакерлар Pussy Riot гуруҳини қўллаб-қувватловчи шиорлардан ташқари худога шак келтирувчи шарҳлар ва болгариялик бесоқолбоз қўшиқчи Азис ижросидаги "Mrazish" қўшиғини ҳам эълон қилди.

Сайтнинг бош саҳифасида Pussy Riot ижросидаги “Путин инқилоб оловини ёқмоқда!” қўшиғини ҳам эшитиш имкони пайдо бўлди.

Хамовники туман суди матбуот котиби Даря Лях сайт сешанба куни эрталаб соат 9 да хакерлар ҳужумига учраганини тасдиқлади.

Хамовники туман суди сайти соат 11 га яқин қайта тиклангани айтилмоқда.

Ўтган жума куни Pussy Riot гуруҳи иштирокчилари - Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевич Москвадаги Исо Масиҳ черковида Владимир Путинга қарши “панк ибодати” деб номланган перформенсни уюштиргани учун безориликда айбдор деб топилиб, икки йилга қамоққа ҳукм қилинди.

Pussy Riot иши Россиянинг ўзида ва халқаро миқёсда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Beatles гуруҳи собиқ иштирокчиси Пол МакКартни, Мадонна, Бйорк, Питер Габриэл каби кўплаб машҳур санъаткорлар уларни озод қилишга чақирди.

Путиннинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Михаил Федотов Pussy Riot ишини Россия учун "шармандалик" дея атади.

Кўпчилик сиёсатшунослар Россия ҳокимияти уч нафар аёл устидан ўтказган жазолаш кампаниясини насроний черкови ўтмишда ўтказган “инквизицияга” қиёслади. Бу билан таҳлилчилар фикрича, ҳокимиятнинг ўзи “бу можарони халқаро миқёсдаги муаммо даражасига кўтарди”.

Мустақил матбуот воситалари ўтказган ижтимоий сўров натижалари аксар россияликлар Pussy Riot иштирокчилари Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевичнинг тўла оқланиши ёки уларга нисбатан қўлланилаётган чора ҳаддан ортиқ шафқатсиз, деган фикрни билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG