Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуотининг хабар қилишича, япон олимлари коинотда янги сайёрани топиб, унга Ўзбекистондаги обсерватория номини берган.

ЎзА ахборот агентлиги хабарлар лентасидаги бу сарлавҳага кўзимиз тушиши биланоқ нега “шўрданак” ёки “ёрмаданак” эмас; “аччиқданак” ёхуд “ширинданак”, деб атасалар бўлмасмиди, деган қув фикр шууримиздан учар юлдуздай шувв этиб ўтди.

Сарлавҳаданоқ хулоса қилавериш тўғри эмас, дедик-да, матнни ўқий бошладик.

Ундан маълум бўлишича, “Майданак” – Ўзбекистондаги расадхона.

Унинг номини японлар ўзлари яқинда очган 22948-инчи астероидга берибди.

ЎзА бу воқеани ўзбек илм-фанининг японлар томонидан “олий” тан олиниши сифатида талқин этган.

Хўш, нима учун японлар юлдузни ўзлари очадию кимоносининг этакларини тутамлаб ўзбеккка таъзим қилади?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев Озодлик билан суҳбатда бу саволга ҳам жавоб берди.

Хушхабар

- Гарварддаги кичик сайëралар халқаро марказининг навбатдаги циркулярида бизга яхши хушхабар келди. Бу жуда ҳам яхши совға бўлди бизга. Бу хабар шундан иборатки, япон астрономлари очилган сайëралардан бирига Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг номини беришни таклиф этишди.

Нега ном Ўзбекистондан танланди?

- Бунинг асоси шундаки, биз япониялик олимлар билан анчадан бери Майданак астрономия обсерваториясида бирга тадқиқотлар олиб борамиз.


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев билан суҳбат бу ерда:



“Майданак” Қашқадарёнинг Қамаши туманида жойлашган

- Майданакдаги астрономия обсерваторияси Евроосиë ҳудудидаги астрономик объектларни кузатишга энг қулай обсерватория. Ҳозирги кундаги жаҳондаги энг машҳур обсерваториялар Гавай билан Канар оролларининг оралиғида шуларнинг иккаласида жойлашган. Шуларнинг оралиғида Майданак обсерваторияси бу нималарга жуда қулай ҳисобланади. Мустақиллик шарофати билан Майданак обсерваториясида биз халқаро алоқаларни жуда кенг йўлга қўйдик. Шунинг натижасида ҳозир Майданакдаги обсерватория ҳамдўстлик мамлакатларининг ичида энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган обсерваториялардан ҳам энг яхшиларидан бири ҳисобланади.

Ўзбек астрономлари ҳам сайёра очган

- 2009 йилда астрономия институтининг ходимлари Майданак обсерваториясида янги сайëра очди. Бу сайëра халқаро астрономия жамияти томонидан қайд этилгандан кейин бу ерда президентимизнинг таклифи билан ана шу сайëрага Самарқанд номи берилди.

Ўзбек сайёралари

- Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан боғлиқ бешта сайëра бор. Ўзбекистония, Хоразмий, Авиценна, Улуғбек ва Беруний.

Муаммолар

- Майданакнинг шароитлари жуда оғир. Тоғ шароити бўлганлиги учун ҳозир у ерда автоном электр таъминоти бўлганда эди, бизга жуда қулай бўларди. Шунинг учун ҳозир биз таклифлар билан чиқаяпмиз. Масалан ўша ерда автоном қуëш энергияси манбаларини қўйганимизда эди, бизга жуда ҳам нима бўларди.

Астрономия илмида ёшлар кўп

- 95 фоиз ходимларнинг ëши 40дан пастда.

“Майданак” астероиди қачон очилган?

Бу мавзуга оид мақоланинг хабар кўриниши сайтимизда чоп этилиши биланоқ бир муштариймиз “астероид – сайёра ёки планета эмас, астероид бу – астероид”, деган эътироз билдирди.

Ҳақли танбеҳ. Лекин у Озодликка эмас, ЎзАга айтилиши керак. Астероидни сайёра, деб атаган шу агентлик.

ЎзА яна бир маълумотни нотўғри берган.

Агентликнинг “Япон олимлари томонидан яқинда очилган кичик сайёра - 22948-инчи астероидга Халқаро астрономия уюшмаси “Майданак” номини берди” жумласидаги “яқинда очилган” деган аниқлама ҳам ҳақиқатга мос эмас

Чунки, катта куч талаб қилмаган изланишларимиз 22948-инчи астероид ЎзА ёзганидек “яқинда” эмас, балки бундан 13 йил олдин – 1999 йилнинг 2 октябрида очилганини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев ҳам буни тасдиқлади.

Озодлик: Энди японлар очгани айтилаëтган астероид 1999 йилнинг 2 мартида очилган деган ...

- Октябрида.

Озодлик: 1999 йилда, 13 йил олдин.

- Ҳа.

Озодлик: Нимага бугун айтилаяпти бу?

- Халқаро астрономия жамияти Японияга маълум квота берди сизлар ном бериш ҳуқуқига эгасизлар деган. Япон олимлари, бизнинг соҳамиздаги одамлари айтганки, биз биттасига Ўзбекистондаги обсерватория номини бермоқчимиз дегандан кейин шу таклиф айнан ўтди. Япония астрономик жамиятидан ҳам ўтди, ундан кейин уни кичик сайëралар маркази тасдиқлаб, Майданакнинг номини берди. Бу бизнинг Майданак обсерваторияси олиб бораëтган ишларнинг жуда катта эътирофи.

Озодлик: Демак, 22948-астероид 1999 йилда очилган ва унга ном энди берилди.

- Энди берилди тўғри.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG