Линклар

logo-print

Самарада боласини пуллаётган аёл қўлга олинди


Муҳожир аёллар Россияда бола сотишига оид ҳолатлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Муҳожир аёллар Россияда бола сотишига оид ҳолатлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Самарада ўзбек аёли 4 ойлик гўдакни 35 минг рублга пуллаётганда ҳибсга олинди. 17 ёшли она полициячиларга боласини сотиб топган пулни Россия паспортини сотиб олишга сарфламоқчи бўлганини айтган.

Полицияга 13 август куни Самара дарё вокзалида ўз фарзандини сотаётган аёл тўғрисида хабар қилинди. Маҳаллийлардан бу ҳақда бир нечта мурожаат тушиши ортидан полиция ходимлари аёлни ҳибсга олиш учун махсус амалиёт ўтказди.

4 ойлик гўдакка “харидор” бўлиб борган полициячига 35 минг рублга пуллаётганида қўлга олинган аёлнинг ўзи 17 ёшда экани аниқланди.

Олди-сотди амалиёти ўтказилганидан кейин полиция ходимлари ношуд онанинг қўлига кишан солиб маҳаллий полиция бўлимига олиб келди, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Самарадаги “Ўзбеклар жамоаси” вилоят жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нормуҳаммад Охунжонов.

- 17-18 ёшдаги ёш аёл кичкина, бир ёшга ҳам етмайдиган ёшдаги болани сотаётган эканида ушланган. Ҳозир ўзи под следствием, фарзанди - детдомда. Билишимча, боланинг документлари йўқ. Шахси аниқланиб тасдиқланса, кейин ҳал бўлади кейинги тақдири. Бу аёл миллати ўзбек, лекин Ўзбекистон фуқароси эмас. Қирғизистондан экан. Мен олдин фарзанд сотилиши борасида ҳеч эшитмаганман. Аёллар ишини топиб юраверади, лекин айтишлари бўйича муҳтожлик, ноиложликдан сотворган. Балким сабаби бошқа ердадир, менинг фикримча... Болани отасиз туққан, кўринади. Бу фактни қандайдир яшириш керак-ку! Шу болани бориб детдомга берса ҳам бўлади, аммо уч-тўрт сўм пул ҳам ишлаб оламан деб ўйлаган-да, онги йўқ, дейди Самарадаги ўзбеклар жамияти раҳбари Нормуҳаммад Охунжонов.

Самарадаги “Ўзбеклар жамоаси” вилоят жамоатчилик ташкилоти раҳбаридан олинган маълумотларга кўра, 1 миллиондан зиёд аҳолиси бўлган Самарада кейинги йилларда ўзбек муҳожир-аёллар сони кўпайиб қолган.

- Ўзбекистондан келганлар ўртача 50 мингни ташкил этади. Шулардан ярми расман ишлайди. Ҳозир Самаранинг ҳам қайси кўчасига кирсангиз ўзбек бор: асосан стройка, коммунал хўжалик соҳасида ишлайди. Ҳар 10 эркакдан 3 таси аёл-да, дейди “Ўзбеклар жамоаси” раҳбари Нормуҳаммад Охунжонов.

Озодлик билан овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гаплашган Волгабўйи Тергов қўмитаси расмийси Дмитрий Захаров ўзини Саодат Галиева деб таништирган бу аёл полициячиларга ўз қилмишини бола савдосидан тушган пулни Россия фуқаролигини олишга сарфлаши билан тушунтирган.

Полиция ҳужжатсиз экани айтилаётган болафуруш аёлнинг шахсини аниқлашни давом эттирмоқда.

Волгабўйи Тергов қўмитаси вакиллари Галиевадан тортиб олинган 4 ойлик гўдак қизбола экани, тиббий кўрикдан ўтказилгани ва соғлом эканини билдиришди. Ҳозирда қизча ҳақиқатан болалар уйига жўнатилгани тўғрисида хабар олинди.

Самарадаги ўзбекларнинг яна бир минтақавий жамоатчилик ташкилоти - “Алишер Навоий” Миллий маданий маркази раиси Исроил Нурматов сўнгги йилларда меҳнат муҳожирлари муаммолари кескин ошиб бораётгани, жумладан муҳожир аёлларнинг ҳуқуқсиз қатламга айланиб бораётгани борасида саноқсиз мисол келтириши мумкинлигини айтади.

- Мана офисимда яна бир хотин ўтирибди йиғлаб. Бир бола 1,5 минг доллар пули билан тиллаларини уйидан олиб қочиб кетибди. Йиғлаяпти, мен унга “Шошилманг, ҳозир ариза ёзамиз”, деб юпатиб ўтирибман. Бундай ҳолатлар жуда кўп! Кўпроқ муҳожирлар мурожаат қилаётган муаммолар ташкилотларга тўғри келяпти. Асосан уларни незаконни ишлатиб, паспортини олиб қўйиб алдаяпти. Қул қилиб ишлатяпти, дейди Самара ўзбеклар жамияти раиси.

Исроил Нурматовнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча йил давомида полиция ва миграция ходимлари муҳожирлар муаммоларига эътибор қаратаётгани сезилган.

Лекин у кўплаб муаммоли вазиятларнинг юзага келишида меҳнат муҳожирларининг ҳам айби бор, деган фикрни ҳам айтади Озодликка.

- Тўғри, илғор 21 асрда яшаябмиз, одамлар кўряпти, ўрганяпти. Аллақачон ариза беришга қўрқмасдан келишяпти, турли муаммолар ечимини топишни ўрганмоқдалар. Лекин қонунларни билмаслик, тилни билмаслик ва ишонувчанлиги кўплаб юртдошларимизнинг Россияда адаптациясига, мослашишига тўсқинлик қилмоқда, деди 2006 йилдан буён Самарада фаолият юритаётган “Алишер Навоий” Ўзбеклар миллий маданий маркази раиси Исроил Нурматов.

Муҳожир аёллар Россияда фарзандини сотиши ҳолатлари ҳақида Озодлик олдин ҳам хабар қилган эди.

Шу йилнинг 7 майида Москва шаҳрида ўз боласини оператив ходимларига 150 минг рублга пуллаётган 27 ёшли қирғизистонлик аёл ва 23 ёшли ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинган эди; 2011 йилнинг 22 мартида соат 11 ларда Красногорск шаҳрида жойлашган “Ашан” гипермаркетидаги озиқ-овқат аравачасида 7 ойлик Амиржон Тўхтаев ташлаб кетилгани, Ленинград вилояти Рошчино қўрғонида ўзбек миллатига мансуб эркак ахлат контейнерига бир ойлик чақалоқни ташлаб кетгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG