Линклар

Тошкент қозоқ унидан воз кечмоқчи


"Тошкент ун” мутахассисининг айтишича, маҳаллий ун сифатини ошириш учун қозоқ уни аралаштирилади.

"Тошкент ун” мутахассисининг айтишича, маҳаллий ун сифатини ошириш учун қозоқ уни аралаштирилади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ун сотиб олишни камайтириш ҳисобига бу мамлакатдан буғдой импортини оширишни режалаштираётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон жорий йилда Қозоғистондан ун импорт қилишни 20 фоизга камайтиришни мўлжалламоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган “Қозоқ дон” ширкати таҳлилчиси Олимбек Габитовга кўра, Ўзбекистон қозоқ уни импортини йилдан йилга камайтириб, ундан бутунлай воз кечиш ҳаракатида.

- Ўзбекистон ун импортидан расман воз кечмади. Лекин акциз солиғи жорий қилинди, турли хил чекловлар эълон қилди. Айни пайтда расмий чеклов бўлмаса-да, Ўзбекистон шу йўл билан ун импортини тўхтатишни истаяпти. Бу йил ун экспорти камайишини прогноз қилаяпмиз. Ўтган йили Ўзбекистон бир миллион тонна атрофида қозоқ унини харид қилган. Бу йил 20 фоиз камайиши аниқ,- дейди Габитов.

"Қозоқ дон" таҳлилчисига кўра, келаси уч йил ичида Ўзбекистон қозоқ уни импортини 50 фоизга қисқартириши тахмин қилинмоқда.

Лекин унинг айтишича, шу билан биргаликда Ўзбекистон Қозоғистондан буғдой сотиб олишни кўпайтиришни режалаштираяпти.

"Қозоғистон донни қайта ишловчи корхоналар" уюшмаси маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонга бир миллион тонна атрофида буғдой экспорт қилиниши кутилаяпти.

Ўзбекистон Қозоғистондан импорт қилаётган буғдой ҳажмига оид рақамларни йилма-йил таққослаганда бу кўрсаткич ошаётганини кўриш мумкин. Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистондан 605,9 минг тонна буғдой импорт қилган бўлса, 2010 йилда бу рақам 271,3 минг тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўздонмаҳсулот” ширкати масъуллари мавзу юзасидан Озодлик билан гаплашишни истамади.

“Тошкентун” комбинатининг ўзини таништирмаган ходимининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Қозоғистондан импорт қилинган буғдойдан олинган ун маҳаллий ун билан аралаштирилади.

“Қозоқ ва ўзбек уни аралаштирганда буханка нон жуда яхши чиқади. Биз ҳам шу ундан фойдаланамиз. Лекин бу ун тандир нонга яхшимас. Энди очиғини айтиш керак қозоқ ва ўзбек уни аралашмаси барибир тоза қозоқ уни билан рақобатга кириша олмайди”,- деди “Тошкентун” ходими.

Озодлик манбаларига кўра, шу кунда Ўзбекистонда маҳаллий уннинг 50 килограммлик қопи ўртача 50-60 минг сўм, қозоқ унининг бир қопи эса 90 мингдан 130 минг сўмгача сотиляпти.

Тошкентлик Абдуманнон аканинг айтишича, аҳоли қиммат бўлишига қарамасдан қозоқ унини ишлатишни маъқул кўради.

- Қозоғистонникини ишлатамизда. Ўзбек уни ҳаттоки угра ошга ҳам ярамайди, ўша ҳам чиқмайдида. Атала бўлиб кетади. Қозоқ ва ўзбек уни аралаштириб тайёрланган ун ҳам овқатга бўлмайди. Фақат нонга бўлади,- дейди Абдуманнон ака.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг исми сир қолишини истаган ходимига кўра, мамлакатда буғдой етиштиришда ҳар гектаридан 40-50 центнердан ҳосил олинаётгани якуний маҳсулот сифатига таъсир қилади.

“Қозоқдон” ширкати маълумотига кўра, Қозоғистонда ҳар гектардан 16-17 центнердан буғдой ҳосили олинаяпти.

Мутахассислар фикрича, гектаридан олинадиган ҳосил миқдори кўпайган сари унинг сифати бузилади.

Ўзбекистон қозоқ уни ва буғдойининг минтақадаги асосий харидорларидан бири ҳисобланади.

Британиядаги Халқаро Ғалла қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон йилига четдан 1,5 миллион тонна буғдой импорт қилади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG