Линклар

Бир кун аввал қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Эчкилитош” постида тўрт чегарачи ва бир ҳарбийнинг рафиқасини отиб ўлдириб, қочиб кетганликда гумонланган қирғиз аскари 21 август куни эрта тонгда ўтказилган операция пайтида отиб ўлдирилди.

Беш кишининг ўлимида айбланган 19 ёшли чегарачи Балбай Кулбарак сешанба куни эрта тонгда Иссиқкўлнинг Оқ сув тумани Ой тош дарасида яширингани аниқланган. Қўлга олиш тадбири пайти Балбай қуролли қаршилик кўрсатгани учун отиб ташланган.

Бу ҳақда Озодликка Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоева маълум қилди.

- Беш одамни ўлдирган Балбай Кулбарак ўғли Ой тош дарасига яширган экан. Лекин у қўлга олиш пайти қаршилик кўрсатди. Шунинг учун бошқа ҳарбийларнинг хавфсизлигини кўзлаб, шундай қарорга келинди. Қочоқ аскарни ушлаш тадбирида чегарачи ҳарбийлар, Ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари иштирок этди,- дея маълум қилди Бўрибоева.

Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси воқеа бўйича жиноий иш қўзғаган. Қирғизистон ҳарбий прокурорининг ўринбосари Нуркамал Набиевнинг айтишича, чегара постида рўй берган воқеа бўйича “одам ўлдириш”, “қурол ўғирлаш”, “автомобилни олиб қочиш” ва “ҳарбийдан рухсатсиз қочиб кетиш” моддалари бўйича жиноий иш очилган.

- Ҳозирда жиноий иш қўзғалди. Тергов-суриштирув бўлаяпти. Махсус гуруҳ ташкил қилиниб, воқеага жавобгар одамларнинг барчаси сўроққа чақиртирилди. Лекин ҳозирча барча маълумотларни ошкор қила олмаймиз. Тергов тугагач барча маълумотларни эълон қиламиз,- деди Набиев.

Ҳозирча ҳодиса нимадан келиб чиққани номаълум. Жорий кузда ҳарбий хизматини тугатаётган аскар йигитнинг нима ўз хизматдошларини отиб ўлдиргани сабаблари ўрганилмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Артур Медетбеков жиноятчини қўлга олиш тадбирини эҳтиёткорлик билан олиб бориб, аскарни ўлдирмасдан уни тирик ушлаб, воқеа сабабларига ойдинлик киритиш шарт эди деб ҳисоблайди.

- Бу каби ҳарбий тадбирлар ўтаётганда барча имкониятлардан фойдаланаиб, жавобгарни тириклайин ушлаш бўйича топшириқ берилади. Чунки воқеа сабабларини аниқлаш учун бу жуда зарур,- дейди Медетбеков.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда чегарачилар орасида ўз хизматдошларини оммавий равишда отиб ўлдириш илк бор учраяпти. Лекин чегарачилар орасида ўзаро келишмовчиликлар тез-тез кузатилади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Марат Имонқулов бундай воқеанинг содир бўлишига армияда тартиб-интизомнинг йўқлигини сабаб тарзида кўрсатади.

- Жуда кўплаб тахминлар бўлиши мумкин. Лекин асосийси ўзаро келишмовчиликлар шу каби фожеаларга олиб келаяпти. Аскарнинг руҳий ҳолати, унинг тарбияси билан шуғулланувчи кимса йўқ. Бу нафақат Чегара хизматида балки Қуролли кучларнинг барча соҳаларида шундай ҳолатни кузатиш мумкин,- дейди Имонқулов.

Айни пайтда “Эчкилитош” постида ҳалок бўлган беш кишининг исми шарифи эълон қилинди.

Булар “Эчкилитош” чегара пости бошлиғи Мирлан Маликов, сержант Бақит Қодиров ва унинг рафиқаси Нуриза Шерикбоева, катта сержант Саадатбек Тўхтасинов ва сержант Ирисбек Калманбетовлардир.

Қирғиз ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 100 минг қирғиз сўмидан ёрдам бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Қирғизистондаги бу воқеа жорий йил май ойида Қозоғистоннинг Аркан Керген чегара постидаги воқеага ўхшаб кетади.

30 май куни Қозоғистон-Хитой чегарасидаги олис ўрмон чегара постида 14 нафар чегарачи ва бир ўрмончи ўлдирилиб уларнинг жасадлари ёқиб юборилган эди.

Владислав Челах исмли чегарачи ушбу қотилликни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG