Линклар

logo-print

Обама Сурия режимини огоҳлантирди


АҚШ Президенти Барак Обама Сурия режимини кимёвий қуроллар ишлтилишининг "катта оқибатлари"дан огоҳлантирди.

АҚШ Президенти Барак Обама Сурия режимини кимёвий қуроллар ишлтилишининг "катта оқибатлари"дан огоҳлантирди.

Президент Барак Обама Сурия режими ва бу мамлакатдаги можаронинг бошқа иштирокчиларини кимёвий қурол қўллашдан огоҳлантирди. Акс ҳолда Қўшма Штатлар Суриядаги бўҳронни ҳал қилишда ҳарбий аралашувга оид қарашларини ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади АҚШ президенти.

Президент Барак Обама душанба куни Оқ уйда қилган чиқишида Сурия Президенти Башар ал-Ассад режими кимёвий қуролларни ишлатса ёки бир жойдан бошқа жойга кўчирса, Қўшма Штатлар бу мамлакатдаги бўҳронни қандай ҳал қилишга доир ёндашувини ўзгартириши мумкин, дея баён қилди.

Обама “ҳозирча” Суриядаги вазиятни ҳал қилиш учун ҳарбий аралашувга доир буйруқ бермаганини таъкидлади. Лекин, дея огоҳлантирди АҚШ раҳбари, Ассад ва “можаронинг бошқа иштирокчилари” кимёвий қуролларни ишлатиши ёки жойидан жилдириши “қизил чизиқ”ни кесиб ўтишни англатади ва ҳарбий интервенцияга оид АҚШ ёндашувини ўзгартиради.

- Агар кимёвий қуролларнинг ҳаракатланиши ёки кимёвий қуролларнинг ишлатилишини кўрадиган бўлсак, бунинг катта оқибатлари бўлади, деди Обама.

Сурия ўтган ойда илк бор ўз ихтиёрида кимиёвий ва биологик қуроллар борлигини тан олган ва “ташқи агрессия” рўй берадиган тақдирда уларни ишга солиш билан таҳдид қилган эди.

Ассад бошчилигидаги ҳарбий режим ихтиёрида 1980 йилларда Саддам Ҳусайн Эрон ҳамда Ироқдаги курдларга қарши ишлатганга ўхшаш хантал гази ҳамда одамнинг асаб тизимини ишдан чиқарувчи табун ва зарин кимёвий моддалари борлиги айтилади. Бу моддалар ракета, бомба ва снарядлар ёрдамида ишга солиниши мумкин.

Обама бундай қуролларнинг ишлатилиши ёки бошқа жойларга кўчирилиши можаронинг минтақа бўйлаб ёйилишига олиб келишини таъкидлади.

- Бу масала фақатгина Сурияга тааллуқли эмас. Бу масала минтақадаги иттифоқчиларимиз, жумладан Исроилни ҳам ташвишлантиради. Кимёвий ёки биологик қуроллар исталмаган одамлар ихтиёрига ўтиб қолиши мумкин бўлган вазиятга йўл қўя олмаймиз, деди Обама.

Ғарб давлатлари ва Исроил Суриядаги кимёвий ва биологик қуроллар жанггари гуруҳлар қўлига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотир билдирган.

Исроил агарда Сурия режими ҳомийлик қиладиган Ҳизбуллоҳ жанггарилари вазиятдан фойдаланиб, кимёвий қуролларни ўз назоратига олса, бу вазиятга “дарҳол ва қатъий куч билан аралашиши”ни айтиб келмоқда.

Айни пайтда, АҚШ раҳбарининг душанба кунги баёнотига Россия ва Хитой эътироз билдирди. Сешанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада Хитой давлат маслаҳатчиси Даи Бинггуо билан учрашувдан кейин қилган чиқишида Сурия бўҳронига бир томонлама тарзда ташқаридан қилинган аралашув халқаро меъёрларга зид бўлишини таъкидлади.

- Россия ва Хитой ўзаро ташқи сиёсий координация доирасида қабул қиладиган қарорлар мос келиши лозим бўлган аниқ мезонларга эга. Бу мезонлар халқаро қонунлар меъёрлари ва БМТ низомида келтирилган принципларга қаттиқ риоя қилиш ҳамда уларнинг бузилишига йўл қўймаслик эҳтиёжидан иборат. Шунинг учун биз бу мезонларни тегишли тарзда амалда қўллаймиз ва менимча, бугунги вазиятда бу энг тўғри йўлдир, деди Лавров.

Шу билан бирга Лавров Россия ҳам Сурия ихтиёридаги кимёвий қуроллар борасида ташвиш билдиргани ва Дамашққа уни ишлатиш билан таҳдид қилиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат экани тўғрисида билдирганини қўшимча қилди.

Лекин, деди у, Сурияга қарши ташқи кучнинг ишлатилишига оид қарор фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилиниши лозим.

Россия ва Хитойнинг хавфсизлик кенгаши доирасида ал-Ассад режимини ҳокимиятдан кетишга мажбурловчи ҳужжатларга вето қўйиб келаётганидан ҳафсаласи пир бўлган Ғарб ва Араб давлатлари Суриядаги вазиятга таъсир қилишнинг бошқа йўлларини қидирмоқда.

Айни пайтда, Сурияда қарийб 18 ойдан бери давом этаётган можаро шиддати пасайгани йўқ. Душанба ва сешанба кунлари мамлакат шимолидаги Алеппо шаҳри ҳамда жанубдаги Дараа ва пойтахт Дамашқнинг бир нечта маҳалласида жанглар давом этди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра шу пайтгача можарода ҳалок бўлганлар сони 18 мингдан ошган, Суриядан қочганлар 170 минг, ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар ва ёрдамга муҳтожлар эса 2,5 миллиондан ошиқ одамни ташкил қилган.

Душанба куни Суриянинг Алеппо шаҳридан репортажлар тайёрлаётган япониялик аёл журналист ўлдирилди. Япония Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 45 ёшли Мика Ямомото Алеппода журналистик фаолиоятини амалга ошираётганда “отишма ичига тушиб қолган”.

Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти Алеппода яна уч хориж журналисти бедарак кетганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG