Линклар

Фарғона вилоят Сўх туманига қарашли Девайрам қишлоғига чегарадош Боткен вилоятига қарашли Бўз адир қишлоғи аҳолиси норозилик билдириб чегарада йиғилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар қилишича, бунга ўзбекистонлик чегарачилар ўша ҳудудда бир вагон ўрнатгани ҳамда йўлни тош-шағал тўкиб тўсиб қўйгани сабаб бўлган.

Қирғизистон фуқаролари фикрича, қўшни давлат чегарачилари вагонни Қирғизистонга қарашли ерга ўрнатиб олган.

Бўз адир аҳолиси фикрича, Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги чегара аниқ белгиланмаганлигидан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудига тобора кириб бормоқда ва бунга ҳокимият лоқайд қарамоқда.

“Энди масалани халқнинг ўзи ҳал қилади”, деган қарорга келган халқ.
Бўзадирлиr Мамади Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик чегарачилар вагон ўрнатиб олган ерлар ҳар доим Қирғизистонга қарашли бўлган деган фикрни билдирган.

- Бизнинг ҳудудга Ўзбекистоннинг биронта ҳам фуқароси ўт юлишга ҳам ўтолган эмас. Мана энди бизнинг ҳудудни ўзбеклар эгаллаб олди. Трактор билан вагон судраб келишди. Йўлни тўсиб олишди. Қарасак, раҳбарларимиз индамаяпти. Шунинг учун ўзимиз чиқдик, дейди Мамади.

Бўзадирликлардан юзга яқини ўзбек чегарачилари Қирғизистон ҳудудига бир чақирим ичкарилаб кетди, деган иддао билан вагон ўрнатилгани айтилаётган ерга етиб борганида у ерда ҳеч ким бўлмаган.

Вагон бор. Тош-шағал ҳам бор. Йўлнинг бир чети очилиб қолган.

Шундан сўнг қирғизистонликлар орасида “Буни ўзбеклар синаш учун қилди, агар ҳеч ким индамаса, мустаҳкам ўрнашиб оламиз дейишган”, деган тахминлар айтила бошлади.

Боткен туман давлат қайд бўлими бошлиғи Абдиназар Эргешовнинг айтишича, бўзадирликлар талашаётган ҳудуд бўйича икки давлат ҳали бир келишувга эришгани йўқ.

- Бу ернинг айнан кимга тааллуқли эканлиги Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳали аниқланган эмас. Аниқлангунича у томоннинг ҳам, бу томоннинг ҳам у ерга чегарачи қўйишга ҳақи йўқ. Агар Ўзбекистон бу ерни эгаллаб олгудай бўлса, биз бошқа жойни эгаллаб олишга мажбур бўламиз, деди расмий.

Бўзадирликлар масалани зудлик билан ечиш тарафдори. Уларнинг фикрича, акс ҳолда маҳаллий ҳокимият ортиқча ташвишдан қочиб, индамай қўяверади.

Боткен туман ҳокими ўринбосари Акмурза Тагаев йиғилганлардан тарқалишни, икки давлат ўртасидаги можарога сабаб бўлиб қолмасликни ўтинди, масалани ҳал қилиш учун 3 кунлик муҳлат сўради.

- Жумагача вагонни олдиртирамиз, деб ваъда берди ҳоким муовини.

Лекин маҳаллий аҳоли унинг айтганларига кўнмаганидан сўнг туман расмийлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан кечга яқин учрашган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткен туман ҳокими Сейитмурат Қалиқовга таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон томони қонунни бузганини тан олган, ҳудуддаги вазият аввалги ҳолига келтирилган.

Ўзбекистон расмийларидан воқеа юзасидан бирон маълумот олишнинг имкони бўлмади. Зеро улар ўз хоҳишларича давлатга қарашли ахборот воситаларида баъзида баёнот бериб туришини ҳисобга олмаса, чегара масаласидаги саволларга ҳеч қачон жавоб бермаган.

Озодликнинг Сўхдаги норасмий манбалари билан эса, уларнинг телефон номерлари фаолияти тўхтатилган МТСники бўлгани учун, боғланишнинг иложи бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG