Линклар

Ўзбекистон божхона идораси хориждан юборилаётган почта жўнатмаларини текшириб ноқонуний диний адабиётлар топмоқда. Хабарларга кўра, мустақиллик байрами арафасида чет элдан юборилаётган жўнатмалар назорати янада кучайтирилган.

Республика божхона идораси матбуот хизмати 21 август куни маълум қилишича, Тошкент шаҳар Учтепа туман фуқароси К.Р. номига келган почта жўнатмасида “Eжегодник Свидетелей Иегови 2012”, “Что Бог говорит нам через Иеремию” диний китоблари ва тақвим борлиги аниқланган.

Андижонлик М.О. номига келган почта жўнатмасидан ҳам диний китоблар ва аудиокассеталар топилган.

Уфа–Тошкент йўналишидаги поезд йўловчиси У.Г. қўл юки орасида диний адабиёт борлиги учун қўлга олинган.

Божхона хизмати почта жўнатмаларидан айнан қайси адабиётлар топилганини очиқламаган ҳолда, уларни Ўзбекистонга олиб кириш ман этилганини маълум қилган.

Билдирилишича, ноқонуний диний адабиёт юбориш ҳолатлари бўйича божхона суриштируви олиб борилмоқда.

Республика божхона хизматининг ўзини танитмаган ходимига кўра, божхоначилар мустақиллик байрами арафасида кучайтирилган режимда ишламоқда, мамлакатга кириб келаётган барча юклар қатори почта жўнатмалари жиддий назоратдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда халқаро почта жўнатмалари техник назорат жиҳозлари ёки бевосита кўздан кечирилади. Мутасадди идора ушбу хатти-ҳаракатни мамлакатга ноқонуний адабиётлар ва тақиқланган буюмлар кириб келишига қарши кураш билан изоҳлайди.
Хусусан, чет элда нашр этилган диний адабиётлар, қонунчиликка кўра, Ўзбекистонга экспертизадан ўтказилганидан кейингина олиб кирилиши мумкин.

Шу кунларда Ўзбекистон ҳаво чегараларидан ўтаётган йўловчилар маҳаллий аэропортда ҳам божхона кўриги қатъийлашганини айтмоқда.

– Тошкент аэропортида таможня четдан келаётганларнинг буюмларини қаттиқ текширяпти. Олдин юкларни аппаратдан ўтказиб қўйворишарди. Эътибор бердим, ҳозир йўловчиларнинг қўл юки, чемоданини ҳам очиб, синчковлик билан текширишяпти, религиозний адабиётлар йўқми деб сўрашяпти. Байрам арафаси усиление бўлган, шекилли, – дейди хориждан Тошкентдан учиб келган Элбек исмли йўловчи.

Хитойга қатновчи Фазилат исмли тижоратчи аёл эса божхоначилар хорижликларга у қадар эътибор бермаётгани, тинтув нишони асосан Ўзбекистон фуқаролари бўлаётганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG