Линклар

31 август куни Тошкентда Сталин қатағони қурбонлари хотирланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

“Россия мустамлакачилиги ва “Қизил террор” пайтида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги ҳақида орзу қилган минглаб ўзбекистонликлар қатағоннинг айбсиз қурбонларига айланди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган матбуот варақчасида.

Ўзбек дипломатларининг қайд этишларича, мустақиллик йилларида тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш бўйича амалга оширилган улкан ишлар натижасида мазкур даврларда нафақат давлат ва жамоат арбоблари, нафақат фан, маданият ва маориф намоёндалари, балки минглаб оддий меҳнаткашлар ҳам қатағонга учрагани аниқланган.

Маълумотларга кўра, 1937 йилдан 1953 йилгача Ўзбекистон бўйлаб қарийб 100 минг киши қатағон қилинган, улардан 13 минги отиб ташланган. Қатағонга учраганлар орасида Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элат вакиллари бўлгани айтилади.
XS
SM
MD
LG