Линклар

Ҳукумат қўшинларига қарши урушаётган суриялик исёнчиларга ёрдам бериш учун дунёнинг турли мамлакатларидан, хусусан, асли Ўзбекистондан бўлган исломий жанггарилар етиб келган.

Бу ҳақда The Guardian газетасининг мухбири Мартин Чулов Австралиянинг АВС радиосига берган интервюсида гапириб берган.

Чуловнинг айтишича, Сурияда тўқнашув бошланган 18 ой бадали у биринчи марта ўз кўзлари билан пухта тайёргарлик кўрган, бекаму кўст қуролланган ва тўғридан-тўғри жанг майдонига отланишга шай бўлган жанггариларни кўрган.

- Улар чет эллик мухбирлар билан суҳбатлашиб ўтирмадилар, бироқ исёнчиларга ўзларининг Саудия Арабистони, Сенегал, Жазоир, Ўзбекистон ва Чеченистондан келганларини айтишибди, - дейди Мартин Чулов.

The Guardian мухбири бу одамларнинг ўта диндор ва азму қарорда қатъий эканини, улар сафида эса темир интизом ўрнатилганини таъкидлайди.

Айни пайтда Чулов суриялик исёнчилар “қўшимча куч”ни бироз асабий қабул қилганини, чунки бу кишиларнинг Башар Ассад режимига қарши курашаётган маҳаллий аҳоли вакиллари кўзлаган мақсаддан фарқланувчи ўз вазифалари борлигини англашларини қўшимча қилди.

- Кеча оқшом маҳаллий исёнчилар анчагача бу масалани муҳокама қилишди. Кейин “Ғарбдан ҳеч қандай қўллов бўлмаётганидан кейин исломийлар ёрдами ортиқчалик қилмайди”, деган қарорга келишди, - дейди Чулов.

The Guardian мухбирига кўра, исёнчилар: “Исломийлар умумий қўмондонлигимиз буйруқларига бўйсунишга рози бўлишди”, деб айтишган.

Айни пайтда, Чуловга кўра, исёнчилар исломийларнинг ортидан Ҳалабга учқичларни уриб туширадиган кўчма зенит-ракета комплекслари етиб келишига умид қилаётибдилар. Бунга суриялик мухолифатчилар шу кунда ўта мухтож бўлиб турганини қайд этган мухбир Сурия авиацияси исёнчилар қароргоҳларини муттасил равишда бўмбалаётганини, бу хавф бартараф қилинмагунича мамлакатдаги энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳалаб учун жангда муваффақиятга эришиш ўта қийин бўлишини гапириб берган.

Аввалроқ Суриянинг Идлиб вилоятида ҳам олдин Ироқдаги АҚШ қўшинларига қарши урушган чет эллик исломийлар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Бундан ташқари, Сурия шимолида Ливиядаги фуқаролар уруши фахрийлари етакчилигида “Уммат бригадаси” тузилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG