Линклар

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарори билан лицензиясидан ажраб¸ 10 миллионга яқин мижозини йўқотган МТС ширкати ярим йиллик молиявий ҳисоботига киритилиши мумкин зарарнинг 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.


МТС Ўзбекистондаги йўқотишларини очиқлайдими?

МТСнинг асосий акциядори – “АФК Система” компаниясидан чиққани иддао қилинаётган хабарга кўра, 2012 йилнинг иккинчи кварталида Ўзбекистондаги муаммолари туфайли МТС ширкати 1 миллиард долларлик зарарни ўз активларидан чиқариб ташлаши мумкин.

Россиянинг “Ведомости” нашрига кўра, бу маблағ Ўзбекистон суди ва ҳукумат идоралари томонидан МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита"га солинган жарима ва умумий йўқотишлар ҳисобидан келиб чиққан.

Озодлик билан суҳбатлашган “АФК Система” молиявий корпорацияси расмийси Всеволод Семенцов ҳозирча бундай тушкун ҳисоботни эълон қилишга эрта эканини билдирди:

- Бу маблағлар ҳозирча ҳисобдан чиқарилмаган. Шунчаки, оммавий ахборот воситаларида квартал бўйича ҳисобот натижалари эълон қилинишида бундай ҳолат юзага келиши мумкин, дейилади. Биринчидан, МТС Ню-Йорк биржасида олди-берди қилади ва уларнинг ўзлари бу ҳақда хабар берсагина, бу рақамга ишониш мумкин. Иккинчиси, ҳозир ҳақиқатан бу ҳақда гапиришга эрта, чунки МТСнинг молиявий ҳисоботи август охирида тақдим этилади. Ана ўшанда бу миллиард долларнинг йўқотилгани ёки йўқотилмагани аниқ бўлади. Унгача вақт бор, ахир Ўзбекистонда вазият ўзгариб ҳам қолиши мумкин, деди “АФК Система” молиявий корпорацияси матбуот маркази вакили Всеволод Семенцов.

МТСни бошқараётган молиявий корпорация расмийлари Россия ва бошқа ҳукуматлар¸ қолаверса¸ халқаро ташкилотлар босими остида МТС учун Ўзбекистондаги вазият ижобий тарафга ўзгариши мумкинлигидан умидини узмаган.

Бу некбинлик ўзини оқлаган тарзда¸“АФК Система” раҳбарияти МТСнинг Ўзбекистондаги йўқотишларини минимумга келтириш ва шу билан ширкат акциялари баҳосини кўтариш мумкинлигига ишонмоқда.


МТС курашни давом эттиради!

МТС компаниясининг Россиядаги бош идораси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменко 22 август куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги зарар ҳисобига ширкат активларидан 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағнинг чегириб ташланиши тўғрисидаги хабарга ҳозирча изоҳ берилмаслигини билдирди:

- Чунки биз ҳозирча суд ва бошқа идораларнинг жарималаш ва лицензиялаш юзасидан чиқарилган қарорларига апелляция бериш жараёнини олиб бормоқдамиз. Ҳозирча биз учун муҳим бўлиб қолаётган масала Ўзбекистонда қамоқда қолаётган МТС ходимларини озод этиш ва уларга қўйилаётган асоссиз айбловларнинг бекор қилинишидир. МТС Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси¸ шунингдек солиқ идоралари ҳамда Тошкент шаҳар Хўжалик суди қарорларини бекор қилишга уриниб кўради, деди Валерия Кузменко.

Айни пайтда Кузменко МТС ширкати ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси учун мавжуд халқаро ва маҳаллий ҳуқуқий имконларнинг барини ишга солиши, жумладан "МТС-Ўзбекистон" фаолиятини тўхтатиш борасида ноқонуний ҳаракат қўллаган конкрет ўзбек амалдорлари ҳисобидан еткизилган зарарнинг қопланишига эришишга уринажагини қўшимча қилди.


“Бандитизм учун ўзбек ҳукуматини жавобгарликка тортиш керак!”

21 август куни МТСнинг стратегик ва корпоратив тараққиёт бўйича вице-президенти Майкл Ҳекер CNBC бизнес-порталида “Ўзбекистонда бизнес юритишнинг хавф-хатарлари” номли блогини эълон қилди.

Бу чиқишида Майкл Ҳекер МТС бошига тушган кўргуликлар асосида халқаро инвесторларни Ўзбекистонга сармоя киритиш таҳликаларидан огоҳлантирди.

“Афсуски, 8 йиллик меҳнатимиз эвазига Ўзбекистонда энг муваффақиятли ва йирик бизнес тизими яратганимиздан сўнг биз қабиҳ Ўзбекистон ҳукумати босими учрадик. 2012 йилнинг 13 августида асоссиз тарзда молиявий фирибгарликда айбланганимиздан кейин, ходимларимизнинг ноқонуний ҳибс этилиши ва фаолиятимизнинг ноҳақ тўхтатилиши ортидан, ўзбек суди ҳукуматнинг Ўзбекистонда фаолият юритишга рухсат берувчи лицензиямизни тортиб олиш ҳақидаги даъвосини қондирди”, деб ёзади Майкл Ҳекер.




“Ҳозирга қадар ҳам бизнес юритиш учун жуда мураккаб муҳит бўлиб келган Ўзбекистонда хориж инвесторлари учун иқлимнинг янада заҳарланиб бораётгани кузатилмоқда. Охирги 20 йил давомида АҚШ сармоядорлари Ўзбекистонга 500 миллион доллар киритгани инобатга олинса¸ бу алоҳида хавотирга лойиқ жараëн. Биз Ўзбекистон ҳукумати ичидаги инжиқ кучлар қўлида кейинги 10 йил давомида қурбонликка келтирилган Coca-Cola, Newmont Mining, Oxus Gold PLC ва Metal-Tech Ltd каби йирик компанияларнинг биримиз, холос”, деб ёзади Ўзбекистондаги вазиятга изоҳ берган МТС вице-президенти Майкл Ҳекер.

Ҳекер Америка ва Европа сармоядорлари¸ шунингдек Ғарб ҳукумати раҳбарларини расмий Тошкентга босим ўтказиш ва шу орқали АҚШ фуқаролари ва сармоядорлари манфаатларини ҳимоя қилишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG