Линклар

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси 22 август куни эълон қилган рақамлар мамлакатдаги жорий ижтимоий-демографик вазиятга кўп ҳам ойдинлик кирита олмади.

Ўзбекистонда 2012 йилнинг январидан то июн ойигача 109 минг 300 та никоҳ қайд қилинди. Бу ўтган йилга нисбатан сал камроқ.

22 июл куни бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси хабарномасига кўра¸ 2012 йилда ҳар минг кишига 7¸4 никоҳ тўғри келган.

Бу рақам 2012 йилда 7¸8 рақамини ташкил қилган. 2012 йилнинг 6 ойида 9 минг 400 оила ажрашган.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси хабарномасига кўра¸ ажрашганлар сони фоиз ҳисобда ўтган йил билан бир хил.


Хоразмда уйланиш кўпроқ

Хоразм виояти Хонқа тумани “Бахт уйи” ходимасининг Озодликка билдиришича¸ кейинги 6 ойда ўтган йилдагига нисбатан кўпроқ никоҳ қайд қилинган:

- Аниқ рақамларда айтишим учун дафтаримни очишим керак. Аммо сизга аниқ айтаманки¸ Ҳонқада бу йил ўтган йилга нисбатан турмуш қуриш кўпроқ бўлди¸ деган суҳбатдошга кўра¸ Россия ва Қозоғистонда ишлаб келганлар ўз маблағларини тўйга сарфлашни маъқул кўради:

- Қимматчилик бўлади¸ деган гап чиқди. Тезроқ тўй қилай деб¸ одамлар тез-тез тўйларини қилиб олишди¸ дейди Хонқа ФҲДË (ЗАГС) ходимаси.

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги бир ойда Рамазон боис тўйлар анча камайган.

Озодлик мухбири 22 август куни телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган Бойсун¸ Қарши ва Тўрткўл туманларида кейинги 6 ойда никоҳ тўйлари анча камайганини айтишди.


Туғилиш камайган¸ ўлим кўпайган¸ лекин аҳоли сони ўсган

Давлат Статистика қўмитаси тақдим этган рақамларга кўра¸ 2012 йилнинг 6 ойида туғилиш 2011 йилнинг айни пайтига нисбатан камайган.

Айни даврда ўлганлар сони кўпайган. Жорий йилнинг олти ойида бутун Ўзбекистон бўйича бир ëшга етмаган жами 3 200 чақалоқ ўлган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони ошган. Давлат Статистика қўмитасига кўра¸ кейинги 6 ой ичида 180 минг 300 кишига кўпайган Ўзбекистон аҳолисининг сони 29 миллион 735 минг 700 кишини ташкил қилган. Бу аҳоли 51 фоизининг шаҳарларда яшаши айтилади. Ҳисоботда мамлакат ташқарисида истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот йўқ.

Турли ҳисоботларда Ўзбекистон аҳолисининг бир неча миллион фуқароси Қозоғистон¸ Россия¸ Корея ва бошқа мамлакатларда меҳнат муҳожири мақомида яшаëтгани айтилади.

"Нега ташқаридаги меҳнат муҳожирлари ҳақида маълумот йўқ?"¸ деган саволимизни Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати вакили жавобсиз қолдирди.
XS
SM
MD
LG