Линклар

logo-print

Россия ЖСТга 156-аъзо бўлди


Россиянинг ЖСТга қўшили россияликлар орасида турлича қабул қилинмоқда.

Россиянинг ЖСТга қўшили россияликлар орасида турлича қабул қилинмоқда.

Россия расман Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. Йилларга чўзилган музокаралар натижасида Россия глобал савдо қоидаларини белгиловчи ва келишувларни амалга тадбиқ қилувчи тузилманинг 156-аъзоси этиб қабул қилинди. Россиялик сиёсатчию таҳлилчиларнинг баъзилари бу оддий истеъмолчида акс этишини айтиб, бу янгиликни салбий қабул қилмоқда. Бошқа таҳлилчилар эса, Россиянинг ЖСТга қўшилиши эртами кечми амалга ошиши керак эди ва охир-оқибат иқтисоднинг умумий ривожланишига ҳисса қўшиб, пировардида истеъмолчи учун ҳам фойдали бўлади деган фикрда.

Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги парламент иккила палатаси томонидан маъқулланиб, ҳукумат тасдиғидан ўтганидан 30 кун ўтиб расман кучга кирди.

Шу пайтгача Россия ЖСТга аъзо бўлмаган давлатлар орасида иқтисоди энг йирик мамлакат бўлиб қолаётган эди. Россия ташкилот 1995 йилда тузилганидан бери унга қўшилиш борасида музокараларни давом эттириб келган.

Россия дунёнинг аксар мамлакатларини бирлаштирувчи тузилмага 156-аъзо бўлиб кириши жаҳон иқтисоди учун ижобий ҳолат, расмий Москва учун эса ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ютуқ дея баҳолнаётганига қарамай Россиянинг ўзида бу масалага ёндашув турлича бўлмоқда.

Бу ғоя оппонентлари Россиянинг ЖСТга қўшилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келишини айтмоқда.

Россиянинг ташкилотга қўшилишига оид муҳокамалар пайтида Давлат думасида мухолифатдаги партиялар унга қарши чиқди. Қарор қабул қилинишидан аввал коммунистлар партияси дума биноси олдида норозилик намойиши ўтказди. “ЖСТ жарликка йўл” қабилидаги шиорларни кўтариб чиққан намойишчилар орасида КПРФ раиси ўринбосари Владимир Кашин ҳам бор эди.

– Бундан мамлакатимиз катта зарар кўради, триллионлаб рубл осмонга совурилади. Бозорларимизни босиб олишади, агросаноат комплекси талон-тарож қилинади. Суғурта бозори, қимматбаҳо қоғозлар бозори, банк секторининг қулаши бозорларимизни трансмиллий ширкатлар томонидан босиб олинишга олиб келади, деган эди бир ой аввал коммунист Кашин.

Россияни ЖСТда кўришни истамаётганлар Украинани мисол қилиб, бу мамлакат ташкилотга қўшилганидан бир йил ўтиб саноат ишлаб чиқариши 40 фоизга камайганини эслатишмоқда.

Россиянинг ташкилотга қўшилиши узоқ вақт олганига қарамай, охир-оқибат бу ҳолат Россия иқтисоди учун ва, айниқса, оддий россиялик учун ўта фойдали бўлади деганлар талайгина. Иқтисод фанлари доктори, АҚШдаги Ҳувер институти профессори Михаил Бренштам Озодлик билан суҳбатда ижобий натижалар яқин йиллар ичида сезила бошлашини айтади.

– Бошқа мамлакатларга солиштирганда, Россия учун божлар соҳасида, банк секторини қайта ташкил қилиш, хорижий банкларнинг Россияга кириб келиши соҳаларида мисли кўрилмаган имтиёзлар берилди. Бу шароитлар имтиёзли экани аниқ. Москва учун бу обрў масаласи, бу баъзи экспорт йўналишлари учун фойдалидир, истеъмолчи учун фойдалидир, чунки товарлар арзонлашади, импорт арзонлашади. Ғарбдаги баъзи ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам манфаатлари бундан ютади албатта, дейди иқтисод профессори.

Москвадаги олий иқтисод мактабининг профессори Алексей Портанский ЖСТ аъзолиги Россияда хорижий саромяларнинг кўпайишига ҳам йўл очиб беради ва пировардида иқтисоднинг ўсиши омиллари кенгаяди, дейди.

– Мамлакатнинг ЖСТга аъзолиги инвестицион шароитни яхшилайди, чунки бу мазкур мамлакат умумий қабул қилинган қоидалар бўйича ўйнашини кафолатлайди. Бу эса сармоядорлар учун жиддий кафолат ҳисобланади, дейди профессор Портнаский.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, келаси уч йил ичида Россия ЖСТга қўшилишидан кўрган фойда 65 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Москванинг ташкилотга аъзо бўлишига қарамай ЖСТ қоидалари Россиянинг Қўшма Штатлар билан савдо алоқалари соҳасига ҳозирча тадбиқ этилмайди. Жаҳоннинг энг йирик иқтисоди бўлган Қўшма Штатлар 1974 йилда собиқ Совет Иттифоқига нисбатан қабул қилган Жэксон-Веник тузатиши, деб номланган чекловларни кучда қолдирган. Мазкур чора Совет режимига мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш борасида босим ўтказиш учун жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG