Линклар

logo-print
Чоршанба куни Сурияда жами 77 киши ҳалок бўлди. Нобуд бўлганларнинг 45 нафари тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Хусусан, кеча ҳукумат қўшинлари томонидан пойтахт Дамашқнинг Кфар Суса мавзесида ўтказилган рейд чоғида 20 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Гувоҳларга кўра, бу сўнгги ой ичида Дамашқда ўтказилган энг йирик ҳарбий амалиёт бўлган.

Суриялик ҳуқуқ фаолларига кўра, чоршанба куни исёнчилар мамлакатнинг Ироқ билан чегарадош ҳудудида жойлашган Албу Камол шаҳридаги назорат-ўтказиш пункти ва разведка штабини эгаллаб олганлар.

Шунингдек, кеча Сурия ҳарбий учқичлари Ҳалаб шаҳридаги исёнчилар турган мавзеларни бўмбабўрон қилгани ва тўплардан ўққа тутгани айтилмоқда.

Мамлакат жанубидаги Дераа ҳамда Идлиб ва Хомс вилоятларининг айрим жойларида ҳам тўқнашувлар юз бергани ҳақида маълумотлар бор.

Бу орада Қўшма Штатлар ва Франция Сурия президенти Башар Ассадни яна бир бор истеъфога кетишга чақирдилар. Хитойнинг Синхуа расмий ахборот агентлиги эса АҚШ президенти Барак Обамани Сурияда мавжуд бўлган кимёвий қурол заҳирасидан ҳарбий аралашув учун баҳона сифатида фойдаланишга уринаётганликда айблаб чиқди.

Душанба куни Обама, агар расмий Дамашқ кимёвий ёки биологик қурол қўллайдиган бўлса, Қўшма Штатларнинг Суриядаги зиддиятга бўлган муносабати тубдан ўзгариши ҳақида баёнот берганди.
XS
SM
MD
LG