Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:52

Назарбоев қирғизларни чўнтакка қараб яшашга чақирди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (ч) ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев (ў).
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (ч) ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев (ў).

22 август куни Қирғизистонга илк бор расмий ташриф билан келган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қирғизистонликларга бундан буён ўз кучига таянган ҳолда умргузаронлик қилишни маслаҳат берди.

Назарбоев фикрича, қирғизистонликлар бундан буён хориждан грант ва ёрдам умид қилмай, қўлни қўлга бериб ишлашлари керак.

- Энди барча инқилоблардан, урушлардан ўтиб бўлдинглар. Қачонгача шунинг орқасида юрасизлар. “25 ёшгача инқилобчи бўлмаганнинг юраги йўқ, 40 ёшгача консерваторга айланмаганнинг мияси йўқ”, деган гап бор. Энди ақлни киритадиган ҳодисалар юз бериб бўлди. Бундан буёғига ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб ўйлаймиз. Бунинг учун қўлдан келган ёрдамни қиламиз. Эл ичида тинчлик-осойишталик ҳукм суриб, раҳбарларга ишлашга имконият бериб, қирғиз халқи бир ҳукумат, бир раҳбарнинг атрофида жамланмагунича бирор ўзгариш бўлмайди. Давлатлар ерининг кўлами билан эмас, балки меҳнат қилган фуқаролари билан катта давлатга айланади, - деди Қозоғистон президенти.

Назарбоев фикрича, бугунги кунда бўҳрон туфайли Европа ва АҚШ банклари берадиган қарзга умид боғлаб бўлмайди. “Шу важдан, Қирғизистон имкон қадар тезроқ (Россия, Белоруссия ва Қозоғистон кирган) Божхона иттифоқига қўшилиши керак, шунда муаммолар, шу жумладан, Евросиё иқтисодий ҳамжамияти фондидан маблағ олиш масаласи ҳам тезроқ ҳал бўла бошлайди”, деди Қозоғистон президенти.

Маълумотларга кўра, 22 август куни икки давлат президентлари учрашуви чоғида олти ҳужжат имзоланган.

Бу ҳақда сўзлаган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини урғулади.

- Фақат Қирғизистонгина эмас, балки бутун дунёда қурғоқчилик туфайли юзага келган озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ вазиятни эътиборга олиб, бизга 100 минг тонна буғдой ажратишни сўрагандик, 200 минг тонна берадиган бўлишди. Нурсултон Абишевич менга: “Қанча керак бўлса, шунча олаверинглар”, деб ҳам айтди. Яна бу йил қўшимча 100 миллион куб метр газ олиш ҳақида ҳам келишиб олдик. Юқори кучланишли Олмаота-Кемин электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ҳақида гаплашдик. Буни қуриб олсак, келажакда энергетикани экспорт қила оламиз. Шунингдек, янги ГЭСлар қуриш тўғрисида ҳам сўзлашдик. Ҳукуматлараро комиссияга Чимкентдан Қирғизистонга нефт қувури тортиш масаласи устида ишлаш топширилди, - деди Алмазбек Атамбаев.

Бундан ташқари, кечаги учрашувда Қозоғистон Қирғизистонга қўшма сармоя жамғармаси учун 100 миллион АҚШ доллари ажратиши ҳам маълум бўлди.


Ҳамма шунда, аммо ўзбеклар йўқ


Чоршанба куни Қирғизистонга келган Қозоғистон президенти бугун Бишкекда ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлат раҳбарларининг саммитида ҳам иштирок этди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлат раҳбарларининг саммити иштирокчилари (чапдан ўнгга) - Озарбайжон бош вазири Артур Расизода, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Халил Оқинжа.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлат раҳбарларининг саммити иштирокчилари (чапдан ўнгга) - Озарбайжон бош вазири Артур Расизода, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Халил Оқинжа.
Нурсултон Назарбоев ва мезбон президент Алмазбек Атамбаевдан ташқари мазкур анжуманда Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ҳамда Озарбайжон бош вазири Артур Расизода ҳам қатнашди.

Саммит ниҳоясида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши молиявий қоидалари бўйича, ташкилотнинг Турк Академиясини тузиш бўйича ҳамда Турк маданияти ва турк меросини қўллаб-қувватлаш жамғармасини тузиш бўйича шартномалар ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши иккинчи саммитининг якуний ҳужжати бўлмиш Бишкек декларацияси имзоланди.

Айни пайтда бу анжуманда Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари қатнашмади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Халил Оқинжа кеча Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Туркманистон мазкур ташкилотга аъзо бўлишга шошилмаётгани ҳақида баёнот берганди.

Туркий тилли давлатлар интеграцияси ҳақида тадқиқотлар олиб бораётган ўзбекистонлик тарихчи ва сиёсатчи, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова Ўзбекистон расмийлари мазкур ташкилот анжуманларини эътиборсиз қолдириш ортидан кўп нарса йўқотаётганини урғулайди.

- Бугунги кунда туркий тилли давлатларнинг бирлашиши учун аввал ҳеч бўлмаган имконият бор ва бу туркий тилли халқлар маданиятини панадан олиб чиқиб, умумдунё жараёнига қўшиш учун жуда зўр имкониятни беради. Бугун дунёда умумий маданиятга эга бўлган адади 160 миллионга яқин туркий тилли халқлар яшайди. Туркийлар бирлашуви ҳақида гапириларкан, бу ерда халқларнинг сиёсий бирлашуви ҳақида эмас, уларнинг ўз мустақиллиги ва тилидан воз кечиши ҳақида эмас, балки умумий уст маданият барпо қилиш ҳақида сўз бораяпти. Бугунги кунда туркий тилли халқларнинг 43 фоизини турклар, 15 фоизини озарбайжонлар, 14 фоизини эса ўзбеклар ташкил қилади. Ва Ўзбекистон учун бундай жараёнда қатнашмаслик, уни эътиборсиз қолдириш ўзбеклар ҳаётида жуда салбий акс этади, - дейди Нигора Ҳидоятова.

Ҳозирда туркий тилли давлатлар кенгашига Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон киради. Мазкур ташкилот 2009 йил 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичиван шаҳрида ташкил топган. Бу ташкилотни тузиш ташаббусини 2006 йилда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев илгари сурган.
XS
SM
MD
LG