Линклар

"Вашингтон ва Тошкент ўртасида Ўзбекистон ҳудудида Тезкор кучлар марказини тузиш тўғрисидаги музокаралар бормоқда", деб ёзди 23 август куни “КоммерсантЪ” газетаси.


"База бўйича АҚШ-Ўзбекистон музокаралари давом этмоқда"

"АҚШ Ўзбекистонда амалда база ролини бажарувчи йирик ҳарбий марказ тузишни режалаштирмоқда".

Бу ҳақда хабар тарқатган “Коммерсантъ” нашрининг дипломатик доиралардаги ўз манбасига таяниб иддао қилишича, 2014 йилда Афғонистондан оммавий равишда олиб чиқиладиган Америка ҳарбийларининг асосий қисми айнан шу марказга жойлаштирилиши мумкин.

Бу база ëхуд марказда ўринлашадиган тезкор АҚШ ҳарбий бўлинмалари¸ халқаро коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан вазият кескин ëмонлашган тақдирда¸ Афғонистонда амалиëтлар амалга оширишга шай бўлиб туради¸ деб тахмин қилади "КоммерсантЪ" манбаси.

Газетанинг ëзишича¸ Ўзбекистонда очилажак ҳарбий марказ техник базасини НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқадиган қурол-яроғ ва техника ташкил этади.

“Бу ерда АҚШнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳарбий объекти тўғрисида гап бормоқда”, деган тахминни илгари суради Россия нашри.

Газета манбаларига кўра¸ Тошкент ва Вашингтон ҳарбий мулозимлари Ўзбекистонда очилиши режаланаëтган бу марказда қанча Америка аскари жойлаштирилиши масаласидаги музокараларни давом эттирмоқда.


"Ўзбекистонда чет эл ҳарбий базалари бўлмайди!"(ми?)

2012 йилнинг май ойида Чикагода бўлиб ўтган НАТО саммитида расмий Тошкент делегацияси иштирок этган ва ўшанда Ғарб ҳамда Россия матбуоти Вашингтон ва Тошкент ўртасида Афғонистондан чиқарилаётган ҳарбий юклар транзити тўғрисида дастлабки келишувга эришилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Чикаго саммитидан бир ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиш жараëнини бошлади. КХШТдан чиқиб кетиш¸ Ўзбекистон раҳбариятини бу ташкилот низомида ëзилгани ўз ҳудудида КХШТга аъзо бўлмаган давлатлар ҳарбий базаларини жойлаштирмаслик мажбуриятидан озод қилди.

Айни пайтда¸ жорий йил июл ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида ҳарбий базалар жойлаштирилишига йўл қўймаслиги таъкидланади.

“Мамлакат ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймайди. Ўзбекистон армияси хориждаги тинчликпарвар амалиётларида қатнашмайди”, дейилади мазкур Концепцияда жумладан.

"КоммерсантЪ" даъво қилаëтган каби ўз ҳудудида АҚШнинг йирик ҳарбий объектига жой бериш билан Тошкент ҳукумати ўзи белгилаган Концепциясига ўзи қарши чиқмайдими?

“Бундай мажбуриятларни осонгина айланиб ўтиш йўллари аллақачон ишлаб чиқилган”, дейди Россия Стратегик тадқиқотлар институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи таҳлилчиси Аждар Куртов.

- Буни айланиб ўтиш осон. Масалан¸ бу объектни “марказ” деб номлаш мумкин. Қирғизистон шундай қилдику! Менимча, америкаликлар ҳозирча инкор этаётганига қарамай, Вашингтон ва Тошкент ўртасида бу масалада музокара бораëтгани¸ ўзаро савдолашув бўлаëтгани бор гап. Ҳозирча бу музокараларнинг нима билан якунланиши ва унга жавобгар шахслар қандай расмий баёнот қилишини кутишимиз зарур, дейди сиёсий таҳлилчи Аждар Куртов.


Россия ҳам қараб турмайди...

Кейинги пайтларда Тошкентга серқатнов бўлиб қолган АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк ўтган ҳафта АҚШ нинг Ўзбекистон ҳудудида “узоқ муддатли ҳарбий базалар” жойлаштирмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Россиялик кузатувчилар¸ бундай баëнот¸ қолаверса Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи сиëсат борасидаги ўз Концепциясига хориж базалари бўлмаслиги ҳақида махсус банд киритилишини Россияни тинчлантириш учун қилинган қадам сифатида баҳоламоқдалар.

Кремл Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базасининг пайдо бўлиш эҳтимолига кескин қарши эканини яшираётгани йўқ.

Бундай қаршилик баробарида Москва ҳам АҚШ нинг минтақадаги таъсир доирасини чеклаш учун жавоб ҳаракатлари қўллашга ҳозирланмоқда - дастлабки маълумотларга кўра, шу йил кузида Россия ва Қирғизистон ўртасида ҳарбий-техникавий, иқтисодий ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Бу келишувлар¸ аниқроғи каттагина молиявий ёрдам эвазига русларнинг Қирғизистон ҳудудида ўз йирик ҳарбий базасини жойлаштириши мумкинлиги айтилмоқда.

Москва босими остида Душанбе ҳукуматининг 2014 йилда муддати тугаётган Россия ҳарбий базаси бўйича келишувни 2016 йилгача узайтиргани айтилмоқда. 2004 йилда тузилган бу ҳарбий база учун Россия Душанбе ҳукуматига ҳақ тўламайди¸ фақат Тожикистонга ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа етказиб беради.

Ўзи кетар¸ ўзи келар....

2001 йилнинг 11 сенябр куни Ню Йорк ва Вашингтонга қилинган террор ҳужумлари ортидан Афғонистондаги Ал-Қоида истеҳкомларига қарши уруш бошлаган АҚШ ҳарбийлари¸ 2001 йил охирига бориб¸ Ўзбекистон ҳудудида Америка ҳарбий базаси очилишига муваффақ бўлган эди.

Аммо Қарши-Хонободда жойлашган К2 ҳарбий базасидаги АҚШ ҳарбийлари 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалар ортидан Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарилди.

Кузатувчилар¸ бунга Вашингтон ҳукуматининг Андижон воқеалари учун Тошкент ҳукуматини танқид қилгани сабаб бўлганини таъкидлайдилар.

Шундан сўнг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида давом этган узоқ совуқчиликка¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинлари таъминоти учун янги транзит йўл излаш жараëнида секин-аста барҳам берилди.

2012 йилга келиб¸ бу таъминот йўлидаги белгиловчи мамлакатга айланган Ўзбекистон¸ эндиликда 2014 йилдан кейин АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик манфаатларига хизмат қилиши мумкин асосий плацдарм сифатида кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG